«Лойиҳалар фабрикаси» — тадбиркорга яқин кўмакчи
Фото: Халқ сўзи
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор вазифалар доирасида мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш, инвестициялар жалб этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш мақсадида ҳукумат комиссияси ташкил этилганидан хабарингиз бор.
Фарғона вилояти Тадбиркорлар уйида ҳукумат комиссиясининг маҳаллий тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари — ҳукумат комиссияси раиси ўринбосари Баҳриддин Валиев, инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари — ҳукумат комиссияси аъзоси Бахтиёр Раҳимов сўзга чиқиб, ҳукумат комиссиясининг асосий мақсади, унинг зиммасига юкланган муҳим вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.
Таъкидлаб ўтилганидек, мавжуд муаммоларни ҳал этиш, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш орқали тадбиркорларга эътибор ва рағбат кўрсатиш, бюрократия, коррупция ҳолатларининг олдини олиш ҳукумат комиссиясининг асосий вазифаси ҳисобланади. Шу мақсадда Бош прокуратура, вилоят прокуратуралари ҳузурида штат бирликлари ташкил этилиб, бевосита тадбиркорлар билан ишлаш фаолияти, ижтимоий тармоқ орқали онлайн мулоқот йўлга қўйилди.
— Эзгу ташаббусни рўёбга чиқариш учун вилоятдаги тўртта сектор раҳбарлари, ҳар бир масъул раҳбар астойдил ҳаракат қилиши зарур, — деди Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров. — Боиси эртанги кун истиқболини таъминлаш, энг аввало, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқ.
Маълум қилинишича, бундан буён вилоятдаги ҳар бир шаҳар-туманда лойиҳа гуруҳлари («Лойиҳалар фабрикаси») фаолияти шакллантирилиб, соҳалар кесимида жалб этилган мутахассислар ёрдамида янги иш бошлаш ниятидаги ёшлар, тажрибали тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилади. Лойиҳа гуруҳи аъзолари бизнес-режа тайёрлаш, кредит олиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотишгача бўлган барча жараёнда тадбиркорлар билан ҳамкорликда ишлайди.
Мулоқотда Бувайда тумани мисолида лойиҳа гуруҳи, тадбиркорлар кенгаши қандай иш юритиши, муаммо ва таклифларни туман, вилоят ва республика кесимида ижро этилишига эришиш борасида тақдимот ўтказилди. «Ўсиш нуқталари»ни топиш, кичик бизнесни ўрта, йирик ва мега тадбиркорликка айлантириш борасида қисқа муддатда 47 та лойиҳа шакллантирилгани айтиб ўтилди. Учрашувда ана шу мезон асосида ишлашга ҳар бир шаҳар-туманда тўртта сектор раҳбари, маҳаллада иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари масъул эканлиги таъкидланди.
Таҳлилий ва танқидий руҳда ўтган учрашувда тадбиркорларнинг муаммолари, таклиф ва ташаббуслари тингланди, уларнинг ижроси бўйича аниқ муддат белгиланди.
Сектор раҳбарлари, прокуратура, тижорат банклари, кадастр, солиқ идоралари масъул ходимларига тегишли вазифалар топширилди.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг