Кумушфуруш ва атторнинг “миси чиқди”

Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан навбатдаги қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.
“Алмата-Нукус” йўналишида кириб келган йўловчи поезди белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганида, йўловчилардан бири божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилмасдан туриб кумушдан ишланган 708 гр.дан ортиқ заргарлик буюмларини олиб киришга урингани фош бўлди. 74 турдаги мазкур кумуш тақинчоқларнинг умумий қиймати дастлабки хисоб-китобларга кўра тахминан 14 млн. сўмдан ортар экан.
Айни шу поезднинг яна бир йўловчиси эса 14 турдаги 254 дона косметика ва парфюмерия воситаларининг божхона назоратидан четлаб олиб ўтишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди. Сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган парфюмерия ва косметика воситаларининг ноқонуний олиб кирилиши, боз устига ушбу жараёнда бу каби товарларнинг ташиш ва сақлаш қоидаларига умуман риоя этилмаслиги юртдошларимиз саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин эди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг