Кўзи ожиз ёшлар учун махсус қурилмалар топширилди

15:18 11 Март 2025 Жамият
245 0

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида Исроилнинг Ўзбекистондаги Элчихонаси кўмагида кўзи ожиз ёшлар учун замонавий қурилмаларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда агентлик вакиллари, Исроил элчихонаси ходимлари, 77-сон махсус мактаб-интернати ўқувчилари, уларнинг ота-оналари ҳамда устозлари иштирок этдилар.

Агентлик директори ўринбосари Усмон Шарифхўжаев халқаро ҳамкорларга кўрсатилган қўллаб-қувватлови учун миннатдорлик билдириб, бундай ташаббуслар имконияти чекланган болалар учун янги имкониятлар яратиш, уларнинг жамиятга тўлиқ интеграцияси ва шахс сифатида ривожланишига хизмат қилишини таъкидлади.

Ўз навбатида, Исроил Давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Гидеон Лустиг инклюзия ва тенг имкониятларни таъминлаш масалалари Исроил давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини қайд этиб, мазкур йўналишда ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Ушбу инновацион қурилма кўриш имконияти чекланган одамларга атроф-муҳитни яхшироқ англаш, мустақил ҳаракатланиш, матнларни овозли форматда эшитиш ва кундалик ҳаётда мустақил бўлиш имконини беради, шунингдек фойдаланувчиларнинг ҳаёт сифатини сезиларли даражада яхшилайди.

Тадбир якунида шунингдек, махсус мактабга китоб ўқиш учун мўлжалланган қурилма ҳам топширилди.

Болалар ташкилотчиларга миннатдорлик билдириб, ушбу инновацион технологиялар уларга таълим олишда, мустақил ҳаракатланишда ва келажакдаги мақсадларига эришишда ёрдам беришини таъкидладилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер