Коронавирусга чалинган беморлар қандай озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиши керак? — долзарб саволларга аниқ жавоблар
Бугун АОКА залида Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова иштирокида ўтказилган брифингда аҳолидан тушаётган саволларга жавоб қайтарилди.
Савол: Турмуш ўртоғим короновирус билан касалланиб, шифокор назорати остида уйда даволанмоқда. Коронавирусга чалинган беморлар қандай озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиши керак?
Жавоб: COVID-19 билан касалланганлар учун таомлар енгил ҳазм бўладиган, витамин, микроэлемент ва оқсилга бой бўлиши керак.
Таомларни кичик ҳажмда барра салат ва кўкатлар билан бирга истеъмол қилиш тавсия этилади.
Булар — қайнатма шўрвалар, қийма гўштларидан тайёрланган котлетлар, тефтеллар, фрикаделкалар, балиқ гўшти, творог, сувда қайнатиб чала пиширилган тухум, дуккаклилардан тайёрланган суюқ таомлар, арпа бўтқалари.
Шунингдек, кўп миқдорда суюқлик ичилиши мақсадга мувофиқ. Турли мева шарбатлари, компотлар, кўк чой, лимон, смородина, занжабил, асал ва малина чойлари шулар жумласидан.
Савол: Мен касал бўлиб ўтганимни билганим йўқ. Лекин эспресс тест қон тахлилини топширганимда антитаначалар чиқди. Антитаначалар — такроран касалланмаслик учун кафолат бўла оладими?
Жавоб: Ҳаммасини олдиндан билишнинг имкони йўқ.
Антитаначалар мавжудлиги ҳар доим ҳам тўлиқ ҳимояни таъминламайди, чунки нейтралловчи антитаначалар, уларнинг ҳимоя титри ва иммунитетнинг турғунлиги каби тушунчалар ҳам мавжуд.
Битта штамм билан такроран касалланиш ҳолатлари ҳақида ҳозирча дунёда, ҳеч қаерда маълумот эълон қилинмади. Бу, ўз навбатида, ушбу вирусга қарши иммунитет ишлашидан далолат беради. Аммо антитаначаларнинг касалланиб тузалган кишини аниқ ҳимоя қилиш қобилияти, коллектив иммунитет ривожланиши каби ҳодисалар ҳозирча ўрганиш ва илмий тасдиқланиш босқичида.
Тадқиқотлар натижаларига кўра, коронавирус (SARS CoV-2) тузилиши бўйича олдинги штаммга (SARS CoV) 85% ўхшайди. Бу — антитаначалар киши касалланган пайтдан бошлаб камида 16 ойгача сақланиб туриши мумкинлиги ҳақида тахмин қилишга асос бўлади.
Касалликнинг енгил ва аломатсиз шакллари бундан мустасно, уларда антитаначаларнинг сақланиш давомийлиги ҳозирги кунда дунё олимлари томонидан ўрганилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг