Коронавирусдан соғайган Артета мухлислар ардоғида

00:08 03 Сентябр 2020 Спорт
1389 0

Футболдан озми-кўпми хабари бор кишига бу ном яхши таниш: Микел Артета 1982 йилда Испаниянинг Сан-Себастьян шаҳрида туғилган. Ярим ҳимоячи, мураббий. Лақаби – Артист. Миллати баск. Айни пайтда Лондоннинг «Арсенал» жамоаси бош мураббийи.

Артета футболчилик фаолиятини «Барселона Б» клубида бошлаган, аммо Каталония клубининг биринчи жамоасига ўта олмади. Уни «ПСЖ»га ижарага беришди. Кейин эса Шотландиянинг «Рейнджерс» клуби тўлақонли ўйинчисига айланди. 2002/03 йилги мавсумда у шу жамоа билан Шотландия чемпионати, мамлакат кубоги ва шотланд лига Кубоги ғолиби бўлди. Кейин «Реал Сосьедад»га йўл олди. Аммо омади юришмади. Асосий таркибдан жой ололмади. Шундан сўнг Англиянинг «Эвертон» жамоаси уни ижара асосида ўз сафига қўшиб олди. Бу ерда иши ўнгидан келди. Мазмунли ўйини билан назарга тушди. Натижада жамоанинг тўлақонли аъзосига айланди. 2011 йилга қадар у шу жамоа шарафини ҳимоя қилди.

Кейин эса «Арсенал»дан таклиф тушди. Рози бўлди. Аммо «Эвертон» уни қўйиб юбориш ниятида эмасди. Артета жамоанинг ўша вақтдаги мураббийи Мозесдан шахсан рухсат сўрагач, масала ҳал бўлди. Трансфер баҳоси 10 миллион фунт стерлингни ташкил этди. Вақт унинг тўғри қарор қабул қилганини кўрсатди.Афсонавий мураббий Арсен Венгер қўли остида ажойиб ўйин намойиш эта бошлади. Майдонни кўра билиши, дарвоза томон қойилмақом зарба йўллаши, тўп билан муомаласи булар — уни бошқалардан ажратиб турадиган жиҳатлар эди. Хусусан, рақиб жарима майдонига шиддат билан кириб келиши ҳимоячиларни саросимага солиб қўярди. Саросима эса билишимизча, мағлубиятга яқин тушунчадир.

Шулар ҳақида ўйларканмиз, Артетанинг қаторасига икки йил «Эвертон»нинг энг яхши ўйинчиси деб топилгани бежиз эмас, деган хаёлга борасан, киши. 2014 йилда у «Арсенал» сардори сифатида майдонга тушди. 2016 йилнинг 15 майида шу жамоа сафида охирги марта майдонга тушди. Эртасига эса футболчилик фаолиятини тугатганини маълум қилди. Бунга унинг олган жароҳатлари сабаб бўлди. Сал аввалроқ эса бутсасини михга илганидан кейин мураббийлик билан шуғулланиш ниятида эканини ҳам айтганди.

Фаришталар омин деган экан.2019 йилнинг 19 декабрида Микел Артета Лондоннинг «Арсенал» клубини бошқаришга киришди. Шартнома 3,5 йил муддатга тузилди. Тўғри, у жамоанинг турнир жадвалидаги ўрнини сезиларли даражада яхшилай олмади. ”Арсенал” 10-поғонадан 8- поғонага кўтарилди, холос. Бу жамоанинг сўнгги 25 йилда қайд этган энг паст натижаси саналади. Лекин мухлислар бир нарсани кўриб, ҳис этиб туришибди: жамоанинг ўйини яхши томонга ўзгармоқда. Бунда мураббийнинг қўли борлиги сезиляпти. Қолаверса, Артета «канонирлар»ни Англия Кубоги ғолиблигига бошлаб келди. Финалда «Челси» мағлуб этилди.Яқинда эса Англия суперкубоги ҳам қўлга киритилди. Ҳал қилувчи баҳсда унинг шогирдлари «Ливерпул»га қарши мардонавор ўйин кўрсатишди. Учрашувда дуранг (1:1) натижа қайд этилди. Пенальтилар сериясида эса «Арсенал» футболчилари совуққонлик билан ҳаракат қилишди ва 5:4 ҳисобида устун келишди. Бу икки ютуқ Мигел Артетанинг жамоавий ўйинни майдон ташқарисида туриб ҳам артистона ташкил эта олишини кўрсатмоқда. Арсен Венгер давридаги ютуқларни соғинган «Арсенал» мухлислари учун афтидан яна ёруғ кунлар бошланмоқда.

Дарвоқе, шу йилнинг 13 мартида Артетанинг коронавирусга чалингани маълум бўлганди. Ўз вақтида муолажа олган мураббий 10 кунда тузалди. Соғайгач, жамоасини биз юқорида тилга олган тарихий ютуқларга бошлаб келди. Бундан унинг оиласидагилар ҳам хурсанд, албатта. Айтмоқчи, Мигел «Испания гўзали» танловининг собиқ ғолибаси Лорене Берналга уйланган. Уч ўғли бор.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер