Коронавирус меҳнат муносабатларининг бузилишига баҳона бўлмаслиги керак

19:47 03 Апрель 2020 Жамият
2493 0

Иллюстратив фото

Инсоният пайдо бўлиши ва унинг тараққиёти даврида неча замонлар ўтибдики, меҳнат муносабатлари ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмаган. Айниқса, корхона, ташкилот ва муассасаларда иқтисодий қийинчилик юзага келганда, бу жараёнлар янада чигаллашади. Айни кунларда юртимизда коронавирус эпидемияси туфайли эълон қилинган карантин боис ушбу соҳада турлича ёндашувлар, қарашлар пайдо бўлиши табиий. Аммо бундай вазиятда узоқни ўйлаб, ҳам иш берувчига, ҳам ходимга зиён етмайдиган меҳнат муносабатларининг ташкил этилиши ходимнинг иш берувчидан рози бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Бироқ шулар билан бир қаторда бундай ҳолат ходим ҳуқуқининг поймол қилиниши, даромадининг пасайиши, айрим ҳолларда эса, яшаш шароитига салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин.

Бугунги кунда коронавирус мамлакатимиз сарҳадларига ҳам кириб келди. Бу, ўз навбатида, юртдошларимизда турли саволлар ва айни вақтда мурожаатларни пайдо қилмоқда. Жумладан, “Коронавирус ойлигимизга таъсир қилмайди деб эшитган эдик, таъсир қилмасмикан?”, “Таълим муассасалари ёпилгани учун таътилга чиқаришди, шу тўғрими?”, “Маошимиз тўхтатиларканми?”, “Ўз ҳисобимиздан таътил деб ёздириб олишди” каби меҳнат муносабатлари билан боғлиқ савол ёки мурожаатларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Бу саволларга айрим берилган жавобларни қисқа изоҳлаб, коронавирус туфайли мамлакатимизда жорий қилинган ҳолат ва унда меҳнат муносабатларининг ёритилиши бўйича айрим маълумотларни келтирайлик. Шу асосида ўз фикрларимизни ва хулосаларимизни шакллантириб ўтамиз.

2020 йил 20 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, жуда катта маблағ ажратиш билан бирга аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, жумладан, банк кредитлари, вақтинчалик солиқ имтиёзлари, солиқларни кечиктириб тўлашлар ва бошқа ҳимоя воситалари қўлланилиши белгилаб берилди.

Мазкур ҳужжат билан инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, пандемия оқибатларини аниқ молиялаштириш манбаси белгилаб берилди. Кам таъминланган аҳоли қатламларига моддий ёрдам бериш ҳажмини ошириш чора-тадбирлари орқали ички истъемолни рағбатлантириш ва иқтисодий ўсиш суръатини сақлаб қолиш чоралари кўрилади. Ижтимоий ва шу каби солиқ, бошқа мажбурий тўловларнинг кечиктирилиши ёки маълум фоизда камайтирилишининг жорий этилиши тадбиркорларга барқарор “молиявий таътил”га чиқишини англатади. Натижада макроиқтисодий талаб ва таклиф мувозанатига эришиш учун шароит юзага келади. Шунингдек, жалб этилиши назарда тутилган ташқи қарз маблағларини истеъмол яратувчи соҳаларга йўналтирилиши узоқ муддатли ялпи иқтисодий қийматни яратишга ёрдам беради.

Фармоннинг 16-бандида коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланиши, коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланиши аниқ кўрсатиб берилди. Эътибор қаратадиган бўлсак, бу ёрдам ходимнинг 100 фоиз иш ҳақи сақланиб қолиши ҳақида сўз юритилмоқда.

Бундан ташқари, бир қанча хусусий ташкилотларга ҳам тегишли тартибда енгилликлар яратиб бериш бўйича аниқ кўрсатмалар келтириб ўтилди.

Амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси асосида тартибга солинади. Ҳар қандай бошқа ички ҳужжат нормалари Меҳнат кодексига зид бўлиши мумкин эмас, жумладан, таътилларни бериш ҳам.

Карантин пайтида меҳнат таътилларини бериш бўйича айрим мунозарали саволларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъуллари жавоб беришди, улар ҳам айнан меҳнат қонунчилигидаги нормалар бузилмаслиги лозимлигига эътибор қаратди.

Интернет тармоқларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва фракция раҳбарлари ҳам ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Жумладан, ижтимоий тармоқларда қуйи палата депутатлари мазкур масала бўйича ўз фикрларини билдириб, айнан карантин пайтида ходимга нисбатан номардлик дея эътироф этган бўлса, айримлари хусусий корхоналар ҳам тушуниш кераклигини, аммо бу масала ҳам меҳнат ҳуқуқининг бузилиши ҳисобига бўлмаслигини таъкидлаб, умумий хулоса сифатида тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан, албатта, бу масаланинг “савол-жавоби” бўлишини лозимлигини таъкидлашди.

Умуман олганда, айнан карантин муносабати билан айрим тармоқ ёки соҳаларда иш тизимли ташкил этилиб, ўз ходимларини кескин ҳимоялаш, уларни даромадларини туширмаслик, ходимни норози қилмаслик чоралари кўрилди. Жумладан, мактабгача таълим, халқ таълимидаги ходимлар ўз вазирликларининг тавсияси ва талабига кўра, иш ҳақи сақланадиган таътилга чиқариш ёки ўртача иш ҳақини сақлаб қолиш бўйича чораларни эълон қилишди. Бир вақтнинг ўзида бирор шахс мазкур ҳолатда иш берувчининг ташаббусига кўра ишдани бўшатилмаслигини таъкидлашди. Бу ишлар диққатга сазовор.

Бир қанча олий таълим муассасалари ҳам бу борада жонбозлик кўрсатиб, вазиятни тўғри тушунган ҳолда ишларни ташкил қилишди. Чунки олий таълим муассасаларида бюджет маблағи қисқартирилиши ёки амалда таҳсил олаётган таълим олувчиларнинг тўлов-шартнома суммалари бўйича ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Демак, айрим ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш соҳаларида йўқотиш деярли йўқ. Аксинча, кундалик қилинадиган анчагина харажатлар иқтисод қилиниши ҳам мумкин. Бу бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазири олий таълим муассасаларида фақат ўқув жараёни мавжуд эмаслиги, профессор-ўқитувчилар ўқув-методик, илмий тадқиқот ва бошқа услубий ишлари мавжудлигини таъкидлаб, уларни меҳнат таътилига ҳам тўлиқ чиқариш шартмаслигини айтган эди.

Аксарият таълим муассасалари шунга амал қилганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси тезкорлик билан ишчи ва ходимларнинг розилигини олган ҳолда ўқув жараёнларини масофавий давом эттириш бўйича ишни ташкил этиб, 16 март кунидан бошлаб айрим ходимлар, 24 мартдан бошлаб эса тўлиқ ходимлар масофавий иш режимига ўтказилди. Бу бўйича барча имкониятлар ишга солиниб, ўқув жараёни масофавий-онлайн давом эттиришга эришилди. Бирор ходим хоҳ асосий штатда хоҳ ташқи ёки ички ўриндошлик асосида ишлаётган бўлсин ўз ҳисобидан таътил ёки меҳнат таътилига чиқариш бўйича асоссиз қарор қабул қилмади. Мазкур семестрда дарс машғулоти бор профессор-ўқитувчилар дарс машғулотларини онлайн давом эттиришга, дарслари асосан биринчи семестрда бўлган профессор-ўқитувчилар режа асосида ўқув-методик, илмий тадқиқот ишларини бажаришга киришиб кетишди.

Аммо, айрим тармоқлар, соҳалар, муассасаларда коронавирус туфайли эълон қилинган карантин меҳнат муносабатларида очиқчасига ходимнинг ҳуқуқини поймол қилишга “баҳона” бўлаётганлигини кўриш мумкин.

Кузатувларимиз ҳамда айрим қилинган мурожаатлар шуни кўрсатмоқдаки, коронавирус баҳонасида ҳеч қандай оғир йўқотишларга, айрим ҳолларда умуман йўқотишга учрамаган ташкилот ва муассасалар ўз ходимларига “ихтиёрий-мажбурий” ҳамда “мажбурий” тарзда ўз ҳисобидан таътил беришга улгурган.

Фикримизча, биринчидан, масала шундаки, қайси тармоқ ёки соҳада фаолият умуман тўхтатилган бўлса-да, ўз ҳисобидан мажбурий таътил берилиши бу ерда бошқарувнинг етарли даражада самарали ташкил этилмаганлиги, узоқ муддатли стратегия асосида иш ташкил қилинмаганлигини кўрсатади. Акс ҳолда, мазкур соҳалар ҳеч бўлмаганда маълум муддат ўртача ойлик маошни сақлаб, ишчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш, энг камида меҳнат муносабатларини минимал даражада бажариш чораларини кўриши керак эди. Чунки меҳнат қонунчилигимизда ҳам ишчининг айбисиз бекор туриб қолишда ёки карантин туфайли ишсиз қолишда бирданига ўз ҳисобидан таътил берилмаслик талаби мавжуд.

Иккинчидан, карантин пайтида умуман ўз ҳисобидан таътил берилиши мумкин эмаслигини билган айрим “чаққон” ташкилотлар ўз ходимларига, ходимларига 13-16 март кунларини кўрсатган ҳолда “ихтиёрий-мажбурий” ариза олдириб, ўз ҳисобидан таътил бериб юборганлари ачинарли ҳол. Худди карантин эълон қилинишидан олдинги сана билан ариза олинса, ҳеч ким эътибор қаратмайди, савол-жавоби бўлганда ёки ходим эътироз қилгандаям, карантин бошланишидан олдин ариза берган дейиш билан чекланадигандай. Яна айбдор коронавирус. Буни тушунган ходимлар ишдан кетишдан қўрқиб индамайди, тушунмаганлари коронавирус бўлгани учун деб кетаверади.

Учинчидан, ўз ҳисобидан ёки мажбурий меҳнат таътили жудаям оғир аҳволга тушиб қолган ташкилотлар томонидан форс-мажор ҳолатларда бўлсагина тушуниш мумкиндир. Ундаям меҳнат қонунчилигини қўпол равишда бузмасдан, ходим билан келишилган ҳолда. Аммо ҳеч қандай ютқазишларсиз, мисол учун, таълим олувчиларнинг бир сўм контрактини қайтариб бермаслиги аниқ бўла туриб, қанчадан-қанча харажатлар иқтисод қилинаётган айрим олий таълим муассасалари ўриндошлик асосида ва ишга кирганига 6 ойдан ошмаган профессор-ўқитувчиларни ўз ҳисобидан “ихтиёрий-мажбурий” таътилга чиқариб юбориши, коронавирус баҳонасида меҳнат муносабатларини қўпол равишда бузишдан ўзга нарса эмас.

Шу боис, бизнингча, коронавирус бўйича карантин эълон қилинганда ҳар бир ташкилот, муассаса ўз ходимларини астойдил моддий ва маънавий ҳимоя қилиши учун, шунчаки амалдаги меҳнат қонунчилигини бузмасдан ишлашининг ўзи кифоя. Шундагина, ходимлар ўз ишхонасидан рози бўлади, меҳнат муносабатлари бузилмайди, иш жойида албатта барака бўлади.

Чунки иш берувчиларда 2-3 ҳафта ходимларни ўртача ойлигини тўлаб бериш катта муаммо келтириб чиқармаслиги мумкин, аммо ойлик даромадини учма-уч етказаётган оилаларнинг бир нечтасини яшаш даражасини пасайтириб, ҳатто камбағаллар сонини ошишига олиб келиши ҳам мумкин. Бу эса, бугунги кунда ҳукумат томонидан олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатга тўғри келмайди. Битта камбағалнинг кўпайиши ҳам биз учун муаммо ҳозирги кунда.

Фикримизча, тезкор қарор қабул қилиб меҳнат муносабатларида мунозарали саволлар вужудга келган айрим ташкилотларда ҳуқуқшунос ҳамда касаба уюшмалари ўз вазифалари сидқидилдан бажарган ҳолда вазиятни икки томон ҳам рози бўладиган даражада юмшатади. Депутатлар, жамоатчилик томонидан мазкур карантин тугаганидан кейин бугунги кунда келиб тушаётган мурожаатлар ўрганилади, бу бўйича тегишли ташкилотлар меҳнат муносабатларини амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари асосида ташкил этилганлиги, ҳар бир ҳолат бўйича ходимнинг розилиги олинганлиги бўйича асосли ҳисобини беради, деган умиддамиз.

Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

иқтисод фанлари доктори, профессор,

Комил ҲОТАМОВ,

Банк-молия академияси кафедра мудири,

иқтисодиёт фанлари доктори

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер