Коронавирус бегона гўшадан репортаж. Ёхуд олисдаги овул оҳанрабоси

19:32 20 Август 2020 Жамият
2506 0

Бухоро вилоятининг энг чекка ҳудудлари деганимизда беихтиёр кўз олдимизга Оғитма, Чуруқ, Жонгелди каби аҳоли пунктлари гавдаланади.Улар вилоят марказидан тахминан 150 – 220 километр олисда. Ғиждувон, Шофиркон ва Пешку туманларига қарашли ушбу масканлар бепоён Қизилқум саҳроси бағрида жойлашган. Уларда асосан,қозоқ миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Мухбиримиз шу гўшаларнинг бири — Чуруқ овулида бўлиб, юртдошларимизнинг турмуш тарзи, орзу-ўйлари билан танишди.
«Энди менинг армоним йўқ»

«Чуруқ» атамаси «булоғи кўп жой», «тешик» маъноларини англатади. Табиатнинг мўъжизасини қарангки, тоғда эмас, саҳронинг қоқ бағрида ер остидан булоқ суви чиқиб турибди. Шу сувдан овулда яшовчи 40 хонадон баҳраманд. Умуман эса Чуруқда 250 киши яшамоқда. Сабит оға — уларнинг энг кексаси. 80 ёшда. Турмуш ўртоғи Бозоргул ая билан беш қиз, тўрт ўғилни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган. Отахоннинг ҳаёти — ибрат, ҳар сўзи — ҳикмат.

— Эсимни танибманки, шу овулда яшаб келяпман, бир умр чўпонлик қилдим, — дейди у. — Дарахт ҳам бир жойда ўсади, деб бежиз айтишмаган. Сизга ёлғон, менга чин, бу ернинг оҳанрабоси бор. Сал узоқлашсам, соғиниб қоламан. Чўл ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас оламан.

Овулимиз тупроғи тошлоқ. Бир дарахт ўстирмоқнинг турган-битгани машаққат. Аммо ўғилбола бир гапни айтаман: мен бир чинор каби шу ерда илдиз отдим. Тўққиз нафар фарзандим бор. Яқинда абирали бўлдим. Шукр, шундай замонни кўриш насиб этди. Энди армоним йўқ. Сизга айтсам, Ватанимни юракдан яхши кўраман. Қайга бормай, давранинг тўрига ўтқазиб қўйишади. Дастурхон бошида доимо «Юрт тинчлигига, турмушимиз фаровонлигига кўз тегмасин. Мендай пиру бадавлат бўлинглар», деб дуо қиламан...

Сабит отанинг айтганича бор. Ҳозир овулнинг шаҳардан кам жойи йўқ. Хусусан, кейинги бир йилда бу ердаги тураржойлар замонавий қиёфа касб этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шофиркон туман Халқ қабулхонаси томонидан аҳоли мурожаатлари атрофлича ўрганилиб, тўпланиб қолган бир қатор муаммолар ҳал қилинди. Ҳудудда алоқа воситаси сифатини яхшилаш мақсадида “UZMOBILE” компанияси антеннаси ўрнатилди. Электр энергияси таъминоти яхшиланди. 

Булоқ сувининг яроқлилик даражаси ўрганилди. Туман ҳокимлиги ҳамда корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда 43-оилавий поликлиниканинг «Чуруқ» филиали фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, 23-мактабгача таълим ташкилотининг филиали очилди. Зарур озиқ- овқат, кийим-кечак, дори-дармон етказиб берилмоқда. Дарвоқе, биз овулда бўлган куни ҳам туман ҳокимининг ўринбосари Саиджон Ҳамроев томонидан оилавий поликлиника филиалига керакли тиббий жиҳоз ва дори-дармонлар топширилди. Муҳими, бу гўшага коронавирус балоси яқин келгани йўқ.

Мактаб етакчиси ёшларга нега ҳавас билан қарайди?

Овулдаги 39-умумтаълим мактабида атиги 35 нафар ўғил-қиз таҳсил олади. Мактаб етакчиси Гулшод Муслимова уларнинг ҳар бирига ҳавас билан боқади. Нега?

— Биз ўқиган даврда бу ердаги шарт-шароитлар тузук эмасди, —​ дейди у. —​ Эски мактаб, алмисоқдан қолган парталар... Энди ҳаммаси ўзгарди. Билим даргоҳимизни Халқ қабулхонаси, туман ҳокимлиги кўмагида таъмирлаб беришди. Илгари дунёдан узилиб қолгандек эди. Интернет алоқаси йўлга қўйилди. Энди жаҳоннинг исталган гўшасидаги киши билан мулоқотга кириша оламиз. Мактабнинг янги биноси, спорт зал, боғча қурилиши дастурга киритилган. Ҳаял ўтмай бу ниятлар ҳам рўёбга чиқади. Шундай экан, укаларимга ҳавас қилмай бўладими?

Гулшоднинг айтганича бор. У гарчи, мактаб етакчиси бўлса-да, ўқиб- ўрганишни, касб малакасини оширишни канда қилмаяпти. Шофиркон педагогика коллежини тугатгач, Мухтор Авезов номидаги Чимкент педагогика институти сиртқи бўлимига ўқишга кирди. Оилали. Бир ўғил, бир қизи бор.

—​ Ўзимни бахтли ҳис этаман, —​ дейди у. —​ Касбимни яхши кўраман. Ишлаш мароқли. Турмуш ўртоғим овулимиз яқинидаги тошни майдалашга ихтисослаштирилган корхонада меҳнат қиляпти. Рўзғоримиз бут. Агар ҳаётидан мамнун миллион киши бўлса, ўшаларнинг бири албатта, менман...

Оқсоқол нима дейди?

—​ Қай бир хонадонга кирманг шу мазмундаги сўзларни эшитасиз, —​ дейди овул оқсоқоли Бексавут Канибеков. —​ Биз ўзбек, тожик, рус, татар каби турли миллат вакилларининг умумий уйи саналган Ўзбекистонда тинч-тотув яшаб келаётганимиздан хурсандмиз. Қизилработ, Оғитма, Жонгелдидаги биродарларимиз билан қуда-андачилигимиз бор. Қозоғистондаги ёр-биродарларимиз билан мустаҳкам алоқадамиз. Миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келяпмиз. Энг муҳими, давлатимиз, Президентимизнинг доимий ғамхўрлигини ҳис этиб яшаяпмиз. Айниқса, Халқ қабулхонаси кўмагида амалга оширилган ишлар овулдошларимизнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлади. Мурожаатларимизни тинглаб, ташвишларимизга шерик бўлган, оғиримизни енгил қилган олижаноб инсонлардан миннатдормиз.

Айтмоқчи, овулдагиларнинг асосий тирикчилиги чорва билан. Қайси бир хонадонга кирманг, 50-60 бош қўй-эчкини кўрасиз. Саҳродаги ”Ғалаба” наслчилик хўжалигида кўплаб чуруқликлар ишлашади. Жамият ҳисобида 25 минг бош қўй-эчки, 180 бош туя бор. Кейинги пайтда чўпон-чўлиқлар иш шароитини яхшилаш чора-тадбирлари кўриляпти. Чўпон уйлари янгиланмоқда. Отарларда қудуқлар қазилиб, сув таъминоти яхшиланяпти. Ҳудуддаги ер ости бойликларини ўрганиш, уларни саноат усулида ишлаб чиқариш масаласи кун тартибига қўйилмоқда. Буларнинг барчаси одамларнинг ўз турмушидан рози бўлиб яшаши йўлидаги хайрли ишлар юртимизнинг энг чекка гўшаларини ҳам қамраб олиб, худди Чуруқдаги булоқдек қайнаб-тошаётганини кўрсатади.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер