Корхонага беш ўриндиқли экоавтоуловлар топширилди
Наврўз байрами арафасида «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акционерлик жамияти техника парки 22 та замонавий автоуловлар билан бойиди. Корхонага Хитойга ишлаб чиқарилган «Чанган» русумли электромобиллар топширилди.
Беш ўриндиқли, бир тоннадан зиёд юк кўтариш қувватига эга бу техника воситаси авария бригадаларининг тезкор ҳаракатланиши, носозликни бартараф этиш билан боғлиқ жиҳозларни, шунингдек, трансформаторни керакли манзилга етказишда қўл келади. Улар авария ҳолатларини бартараф этишда, аҳоли ҳамда корхона, ташкилотларга электр энергиясини узлуксиз етказишда, хизмат сифатини оширишда асқатади. Бу русумдаги машиналар атроф-муҳитга зиён етказмаслиги билан ҳам аҳамиятли.

Сирасини айтганда, кўплаб корхоналар қатори мазкур акционерлик жамиятида ҳам бундай экоавтоуловларга эҳтиёж катта. Соҳа мутасаддиларининг билдиришларича, биргина аҳоли тиғиз яшовчи Ғиждувон, Бухоро туманларида авария ҳолатларини бартараф қилиш учун ўндан зиёд бригада фаолияти кўрсатмоқда. Корхона техника паркининг янгиланаётгани эса шу эҳтиёжни қондириш йўлидаги салмоқли қадамдир.
Электромобилларни топширишга бағишланган тантанали маросимда қатнашган вилоят ҳокими Б. Зарипов бу автоуловлар аҳолига кўрсатилаётган мобил хизмат сифатини оширишни таъкидлади.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг