Конгода яна Эбола вируси билан касалланиш ҳолати қайд этилди
Фото: Reuters
Конго Демократик Республикаси шарқида яна Эбола вируси билан касалланиш қайд этилди. Бу ҳолат олдинги эпидемиядан беш ой ўтиб кузатилмоқда.
Бу ҳақда INRB миллий лабораториясининг ички ҳисоботига асосланиб "Reuters" хабар бермоқда.
Ижобий тест 2018-2020 йилда эпидемия маркази бўлган Бени шаҳрининг аҳоли зич жойлашган ҳудудида икки ёшли болада қайд этилган. Ўша йиллар мазкур ҳудудда 2,2 мингдан ортиқ одам вирус қурбони бўлган эди.
INRB ҳисоботига кўра, ўтган ойда касаллик қайд этилган боланинг уч нафар қўшнисида Эбола вируси аломатларига ўхшаш ҳолатлар кузатилган ва улар вафот этишган. Аммо уларнинг ҳеч бири вирусга текширилмаган.
Агентлик Конго соғлиқни сақлаш вазири мазкур маълумотни тасдиқлашдан бош тортганини даъво қилмоқда. Шунга қарамай тез орада расмий баёнот эълон қилиниши айтилмоқда.
Олдинроқ Кот-Д'Ивуар Республикасида сўнгги 25 йил ичида биринчи марта Эбола билан касалланиш қайд этилган эди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти инфекция тарқалишининг олдини олиш ва унинг профилактикасини кучайтириш мақсадида ушбу давлатга экспертлар гуруҳи юборилишини маълум қилган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг