Тафаккур қувватининг қай даражада эканлиги олим салоҳиятини белгиловчи мезон ҳисобланса-да, бироқ бу ўлчов ҳам чинакам билим соҳибининг қалб ва қиёфасини яхлит ҳолда намоён эта олмаслиги мумкин. Тарих ва тажрибадан аёнки, ҳақиқий олим ҳар томонлама шундай шаклланиб борадики, охир-оқибатда бир ўлчовга сиғмай қолади. Мана шу сиғмасликнинг замиридан олим шахсини юксалтирувчи фазилатлар бўй чўзади. Агар бу фазилатлар фан равнақи, эл манфаати ва инсон камолоти учун йўналтирилган бўлса, тафаккурнинг куч-қуввати жамият тараққиётига ўз таъсирини ўтказишдан тўхтамайди. Мана шундай эзгу мақсад йўлида фаолият кўрсатиб келаётган олимларимиздан бири таниқли физик олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг академиги, физика-математика фанлари доктори, профессор Сирожиддин Зайнобидиновдир.

Сирожиддин Зайнобидинов 1945 йил 22 декабрда Андижон вилояти Булоқбоши тумани, Нефтчилар шаҳарчасида оддий деҳқон оиласида таваллуд топди. Бу маскан ўзининг бетакрор табиати, виқор билан ястаниб ётган адирлари, сўлим боғу роғлари, энг асосийси ўқимишли, бағрикенг, меҳмоннавоз, танти одамлари билан ҳам ажралиб туради. Мана шундай файзли муҳитдан руҳий қувват олишнинг ўзи ҳам олимнинг инсоний ва ижодий шаклланишида мададкор бўлган, файз бағишлаган бўлса ажабмас.
Тадрижий давом эттирадиган бўлсак, дастлаб барча қатори мактабдаги сабоқ, сўнг ТошДУнинг физика факультети талабаси, бу орада ҳамиша ўзига хос йигитлик обрўйига, бурчига айланган икки йиллик эмас, ҳатто уч йиллик Венгрия давлатидаги ҳарбий хизмат. Сўнгра С.Зайнобидинов илмнинг истиқболли ва машаққатли кенг географик йўлларига шаҳдам қадам ташлади ва етук салоҳиятли олим сифатида илмий жамоатчилик ўртасида катта обрў-эътибор топа бошлади. Тинимсиз изланишлари, тенгсиз меҳнатсеварлик эвазига яратган илмий тадқиқотлари 1977 йилда физика-математика фанлари номзоди, 1987 йилда эса физика-математика фанлари доктори илмий даражаларига муносиб топилди.
С.Зайнобидиновга ҳукуматимизнинг илм-фан соҳасидаги энг нуфузли Абу Райҳон Беруний номидаги давлат мукофотини берилиши уни ўз соҳасининг тан олинган олимлари силсиласида ўзига хос шарафли ўрнини ҳам белгилаб берди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, иқтидорли, изланувчан, тиниб-тинчимас заҳматкаш олимнинг илмий фаолияти халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилди. Бунинг натижаси ўлароқ С.Зайнобидинов Англия жаҳон биографик маркази аъзоси, шунингдек, АҚШнинг Нью-Йорк академияси, Олий таълим Халқаро Фанлар академияси (Россия), Халқаро таълим, фан, техника ва санъат академияси (АҚШ), Грузиянинг таълим ва туризм академияси аъзоси этиб сайланди, ҳамда, АҚШнинг Европа ва Осиёнинг бир қатор нуфузли университетларида «Ярим ўтказгичлар физикаси» ва «Кремний» бўйича чуқур, мазмунан теран маърузалари билан фаол иштирок этди.
С.Зайнобидинов жаҳонгашта олим сифатида АҚШ, Англия, Германия, Франция, Россия, Хитой, Исроил, Малайзия мамлакатларида бўлиб ўз тажрибаларини ёйишдан ташқари уларнинг илғор тажрибаларини ҳам мамлакатимиз илм-фанига амалда татбиқ этиб келмоқда. Ғайрат шижоатга тўла олимнинг сермаҳсул фаолияти унинг 250 дан ортиқ мақолаларида, 10 дан ортиқ ихтироларида, 20 дан ортиқ дарслик ва қўлланмаларида ҳам ўзининг тўлақонли ифодасини топган. Энг муҳими, аксарият, дарслик ва қўлланмалари мамлакатимиз миқёсида танловларда ғолиб деб топилиб, бугун ҳам Олий таълим тизимида мунтазам фойдаланиб келинмоқда.
С.Зайнобидинов устозлари борасида ҳам бахти чопган олимларимиздан. Олим профессор А.Тешабоев, академиклар С.Ҳ.Сирожиддинов, П.Қ.Хабибуллаев, Т.А.Саримсоқов, С.А.Азимов, М.Баҳодирхонов каби мамлакатимизда энг довруқли ва суюкли олимларимизнинг тарбиясини олиб уларнинг меҳр-муҳаббатидан баҳраманд бўлиб келди. Москва ва Ленинграддаги машҳур олимлар Б.И.Болтакс, В.И.Фистул, Б.А.Котовларнинг ёрдами ва юқорида санаб ўтилган устозларининг қўллаб-қувватлаши ва оқилона маслаҳатлари билан ўз соҳаси бўйича салмоқли ютуқларга эришди.
С.Зайнобидиновнинг жамоат ишлари ва масъулиятли лавозимларидаги фаолиятлари ҳам ҳар қандай мақтовга сазовор. У 15 йилдан зиёд вақт мобайнида ТошДУда «Ярим ўтказгичлар ва диелектиклар физикаси» кафедрасини ҳамда 5 йил давомида университетнинг энг катта ҳисобланган физика факультетининг декани сифатида ишлади. 1996-2006 йиллари Андижон давлат университетининг ректори, 1997-2011 йилларда «Қаттиқ жисмлар физикаси» кафедраси мудири лавозимида фаолият кўрсатди. Айниқса, Андижон давлат университетига ректорлик қилган йилларда бошқаларга ўхшамаган ўзига хос раҳбарлик фазилатлари билан намоён бўлди. Аввало, янгича ишлаш тизимини шакллантиришга ҳаракат қилди. Талабаларнинг ўқиши ва ҳаёти билан шахсан қизиқди. Талабалар уйидаги шароитларга алоҳида эътибор қаратди. Ўта муҳим илмий лойиҳаларни амалга оширишда бош-қош бўлди. Университетнинг моддий маблағларини талабалар ҳаётини яхшилашга, ободончилик ишларига ўқув жараёнининг сифатини кўтаришга сарф қилди. Профессор-ўқитувчиларнинг бир ёқадан бош чиқариб ишлашлари учун дўстона, илиқ муҳит ва шароитлар яратди.
Сирожиддин Зайнобидинов айни пайтда ЎзМУда докторлик бўйича ихтисослашган Илмий Кенгашларнинг раиси, Фанлар Академиясининг ФТИ Иссиқлик физикаси институти, Тошкент Техника университетида кенгаш аъзоси, Ўзбекистон Физика жамиятининг ташкилотчиларидан бири ва раиси, Ўзбекистон Республикаси ФА Андижон – Наманган илмий марказининг раҳбаридир. Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта Махсус таълими ҳамда Халқ таълими вазирликларининг физика бўйича илмий услубий кенгашлари раҳбарларидан бири сифатида ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, «Ўзбекистон физика журнали», «Фан ва турмуш», «Композицион материаллар», «ЎзР ФА маърузалари», «Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника», АДУнинг «Илмий Хабарнома» журналлари таҳририй ҳайъатининг аъзоси сифатида физика фани ва таълимини ривожлантиришга астойдил хизмат қилиб келмоқда. Шу ўринда Сирожиддин Зайнобидиновнинг ташаббуси ва раҳбарлигида «Экспериментал ва назарий физика» тўпламида даврий мақолалар тўпламлари мунтазам чоп этилиб келинганлигини ҳам қайд этиш зарур.
Халқимиз орасида «Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин», деган ибора юради. Балки одамгарчиликни, инсонийликни унутган фақат ўзини ўйлайдиган, ўзи учун қайғуриб, фақат ўзимга бўлсин деб яшайдиганлар тез осонгина олим бўлар. Лекин илм тараққиётини ўйлайдиган эл-юрт манфаатини юксак тутадиган ҳақиқий олим учун илм қилиш осон ва машаққатсиз йўл эмас. Сирожиддин Зайнобидинов ҳам олим бўлишдек, ҳам чинакам одам бўлишдек икки қийин йўлни уйғунликда олиб келмоқда.
Сирожиддин Зайнобидинов сиймосида барчамизда ҳавас уйғотадиган фазилатларидан бири устоз ва шогирдлик мақомини жуда ҳам мустаҳкам тутишида, олиб боришида кўзга ташланади. Домлани мукаммал устозга айлантирган омил – уни ўз соҳасини мукаммал биладиган мутахассис эканлиги бўлса, иккинчиси ибратли, одамий фазилатлари ҳамда туғма педагоглигидадир. Домлада талабаларга, шогирдларга, битмас-туганмас меҳр-муҳаббат бор. У киши ҳар бир шогирдининг тақдирига ўз фарзандларининг тақдирига қарагандек муносабатда бўлади, фақатгина устоз эмас, бамисоли туғишган ота. Сирожиддин ака кўплаб шогирдлар чиқардилар, тарбия қилдилар, у кишига ғойибона шогирд бўлганлар ҳам кам эмас. Домла раҳбарлигида 8 нафар фан доктори, 20 нафардан ортиқ фан номзодлари тайёрланди. Унинг шогирдлари ҳозир мамлакатимизнинг деярди барча гўшаларида таълим-тарбия соҳасида фаол хизмат қилиб келмоқдалар.
Ҳа домлага агар мухтасаргина баҳо бериш керак бўлса, мен Сирожиддин Зайнобидиновнинг кўнгилга қуёшни жо айлаб яшаётган инсонлардан деб биламан. Чунки қуёш – ёруғлик, яъни эзгулик тимсоли. Унинг нури ила бу олам мавжуд ва гўзал. Инсон кўнглидаги меҳр ҳам қуёш нури кабидир. Дунёнинг борлиги давомийлиги ва гўзаллиги ҳам, кўнглида қуёш чарақлаб турган мана шундай инсонларнинг меҳридан бағрикенглигидан, сахийлигидан, саховатидан, мурувватидан эмасми!
Азиз устоз, кўнглингиздаги бу қуёш ҳеч қачон сўнмасин. Эзгу нурлар таратишдек улуғ ва савоб ишларингиз роҳатини кўриб юраверинг.
Баҳодир Раҳмонов
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг