“Кўнгил кўзи” “Совғалар карвони” Самарқандда

11:17 24 Декабрь 2019 Жамият
1929 0

“Халқ сўзи ONLINE”. Абдулазиз Йўлдошев/Самарқанд. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг “Кўнгил кўзи” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Совғалар карвони” хайрия акцияси совғалари Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган давлат таълим муассасаси тарбияланувчиларига топширилди.

Самарқандлик болалар учун жўнатилган совғаларни топширишиш маросимида сўзга чиққанлар Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббусини кенг ҳаётга татбиқ этиш, болаларнинг бошқа тенгдошларидан кам бўлмасдан билим олишлари, иқтидорларини намоён этишларига имконият яратишда ушбу эзгу саъй-ҳаракат муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди. Хайрия акцияси орзу-умидлари бир олам ўқувчиларга чексиз шодлик улашгани, айниқса, Янги йил байрами олдидан уларга ҳақиқий байрам совғаси бўлганлигини қайд этишди.

“Кўнгил кўзи” лойиҳаси доирасида 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган давлат таълим муассасасига Брайл алифбосида чоп этилган босма китоблар ҳамда аудио қўлланмалар, ўн турдаги миллий чолғу асбоблари, қарийб йигирма турдаги замонавий спорт анжомлари ва бошқа зарур жиҳозлар совға қилинди.

— Мактабимизда 256 нафар кўришда нуқсони бўлган болалар таҳсил олади, — дейди 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган давлат таълим муассасаси директори Султон Бобоқулов. — Аммо уларда китоб мутолааси, мусиқа ва спортга қизиқиш жуда юқори. Бугунги совғалар ўқувчиларимизни жуда ҳам хурсанд қилди. Айниқса, Брайль алифбосидаги бадиий адабиётлар, ўқувчилар учун мўлжалланган миллий чолғу асбоблари ва спорт жиҳозлари келтирилгани эшитган ўқувчиларимизнинг қувончи чексиз.

Байрам болалар учун ширинликларсиз татимайди. “Совғалар карвони”да келган ширинликлар ўқувчиларга Янги йил олдидан байрамона кайфият улашди.

— Мактабимизда ўқиб билим олишимиз учун барча шароитлар яратилган, — дейди мактаб ўқувчиси Файзулла Мардиев. — Шу боис, мактабимизда фан, спорт ва санъат йўналишларида турли танловлар, мусобақаларда муносиб иштирок этиб келаётганлар жуда кўп. Мен ўзим шашка бўйича уч карра жаҳон чемпионлигини қўлга киритдим. Бугун мактабимизга келтирилган спорт жиҳозларини кўриб жуда хурсанд бўлдим. Келгусида мактабимизда кўплаб чемпионлар чиқишига ишонаман. Бизга мана шундай эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётганларнинг барчасига раҳмат.

“Совғалар карвони” топшириш маросими ўқувчилар томонидан тайёрланган байрам дастури билан якунланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер