"Коммунал"чилар муносиб тақдирланди
“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Саминжон ҲУСАНОВ/Андижон. Ўзининг янги тараққиёт босқичини босаётган республикамизда ҳар бир соҳада катта қадамлар ташланмоқда. Бу эса, табиийки, фидойи касб эгалари зиммасидаги масъулиятни янада оширмоқда. Айниқса, бугунги карантин даври ҳукм сураётган бир пайтда ҳеч бир соҳа ходимларига осон бўлаётгани йўқ. Жумладан, коммунал соҳа ходимлари ҳам ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, аҳолига сифатли хизмат кўрсатишга ҳаракат қилмоқдалар.
Уларни ўз вақтида рағбатлантириш, меҳнатини эътироф этиш эса фидойилик хислатини янада оширишга хизмат қилади. Жумладан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг 2020 йил 14 апрель кунги буйруғига асосан ўзининг кўп йиллик самарали меҳнати ҳамда коммунал соҳада эришган ютуқлари учун мукофотланган ходимларнинг бир гуруҳи “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” кўкрак-нишони билан тақдирланди. “Андижон сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятида уларни тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди. Унда сўз олган Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг ўринбосари Назиржон Назиров бугунги карантин даврида коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, аҳолининг кундалик эҳтиёжларини қондириш, қулай яшаш шароитларини яратишда ҳар доимгидан ҳам муҳимроқ аҳамият қозонаётганлигини айтди.
“Ҳар бир ишчи-ходим қайси касб эгаси бўлишидан, қандай лавозимда ишлашидан, қай шароитда, вазиятда меҳнат қилишидан қатъий назар зиммасига юклатилган вазифани сидқидилдан, сифатли адо этиши керак. Шундагина тараққиёт сари дадил қадам қўя оламиз. Бугунги эътироф эса мени аввалгидан ҳам ортиқроқ меҳнат қилишга ундайди”,-дейди “Андижон сув таъминоти” МЧЖ лабораторияси мудири Кириченко Рашида Рафхатовна.
Айтиш жоиз, Андижон вилоятида аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаси ҳар доимгига нисбатан икки баробарга ортган. Биргина тоза ичимлик суви билан таъминлаш йўналишида олиб борилаётган ишларга назар ташлайдиган бўлсак, сўнгги уч йил ичида ҳатто 20-30 йилдан буён ичимлик суви етиб бормаётган ҳудудлар ҳам оби ҳаёт билан таъминланди.
Мукофотланганларни тақдирлаш маросими карантин қоидаларига амал қилган ҳолда бўлиб ўтди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг