Кохлеар имплантация операцияси қандай беморларда ўтказилади?
Болалар орасида тарқалган шундай туғма касалликлар борки, уларни вақтида бартараф этмаслик боланинг тўлақонли ҳаёт кечиришига моне бўлиши мумкин. Эшитиш қобилиятидаги нуқсонлар шундай хасталиклардан ҳисобланади.
— Кохлеар имплантация операциялари икки томонлама сенсонервал эшитиш пастлигининг 3- ва 4-даражалари қайд этилган ёки карлик мавжуд шахсларнинг эшитиш қобилиятини ички қулоққа стимул бериш орқали тиклаш мақсадида ўтказилади, — дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Абдуманноп Абдуқаюмов.
Бемор болалар учун операция ва yндан кейинги реабилитация тадбирлари бепул амалга оширилади.
Операция бемор бола 5 ёшга тўлгунга қадар ўтказилганда кўпроқ ижобий натижа беради.
Шунинг учун бюджет маблағлари ҳисобига харид қилинган имплантатлардан самарали фойдаланиш мақсадида улар болаларга 5 ёшга тўлгунга қадар бепул ажратилади.
Шунингдек, ёшидан қатъи назар, менингит касаллиги натижасида эшитиш қобилиятини йўқотган бемор болаларда 6 ой ичида кохлеар имплантация операцияси ўтказилади ва уларга ҳам имплантатлар бепул тақдим этилади.
Оилада икки ёки ундан ортиқ 5 ёшга тўлмаган бемор бола бўлганда, кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирлари самарадорлигини таъминлаш мақсадида имплантат бир календарь йилда улардан фақат биттасига бепул тақдим этилади.
18 ёшдан катта бўлган фуқаролар, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларда кохлеар имплантация ва ундан кейинги реабилитация тадбирлари муассасалар томонидан ўрнатилган тартибда пуллик асосда ўтказилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг