Кўчаларимиз охирги марта қачон таъмирлангани эсимизда йўқ — Зулхумор Эралиева

20:01 09 Октябр 2023 Жамият
552 0

Ҳудудлар инфратузилмасини шакллантириш орқали аҳоли турмуш шароитини яхшилашда “Обод хонадон-обод кўча-обод маҳалла” мезонлари асосида амалга оширилаётган ишларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Андижон вилоятида ҳам 4 та маҳаллада ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб бориляпти. Жумладан, Жалақудуқ туманидаги “Қутлуғ” МФЙда 800 дан ортиқ хонадонда истиқомат қилувчи салкам уч минг нафар аҳолига қулай шароит яратилмоқда.

Айтиш жоиз, вилоятнинг энг чекка ҳудудида жойлашган ушбу манзилда аҳолининг табиий газ, электр энергияси тоза ичимлик суви таъминоти каби масалаларда узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолари мавжуд эди. Шу боис амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар маҳалладошларнинг миннатдорлигига сабаб бўлмоқда.

— Кўчаларимиз охирги марта қачон таъмирлангани эсимда йўқ,—дейди Наво кўчасида истиқомат қилувчи Зулхумор Эралиева. –Кутилмаганда бошлаб юборилган хайрли ишлар натижасида 11 километр масофадаги ички йўлларга асфальт босилмоқда. Салкам уч км. масофага янги сув қувурлари ётқизилиб, ҳар бир хонадонга сув жўмраклари ўрнатиляпти. Шунингдек, электр ва суюлтирилган газ масаласида ҳам ижобий ечим таъминланмоқда. Ҳозирданоқ маҳалламиз туманимиздаги энг обод ҳудудлардан бирига айланиб қолди.

Маҳаллада ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда аҳоли саломатлигини тиклаш мақсадида тиббий кўрик ташкил этилди. “Аёллар дафтари” таркибига кирувчи 79 нафар хотин-қиз ва “Ёшлар дафтари”даги 13 нафар ўғил-қизлар доимий даромад манбаига эга бўлдилар. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга амалий кўмак кўрсатилиши билан бир қаторда турар-жойларини таъмирлаш ишлари ташкил этиляпти. Шу билан бир қаторда, маҳалладаги ижтимоий соҳа объектларида ҳам мукаммал таъмирлаш ишлари йўлга қўйилган. Бошланган ишлар ўз якунига етгач, “Қутлуғ” маҳалласи ҳам нафақат, Жалақудуқ туманидаги, балки, вилоятдаги энг намунали манзиллардан бирига айланади.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер