Кластер иқтисодиётга нима беради?
Файласуф Конфуций ҳақида шундай ҳикоят бор: у ёшлигида балиқчининг олдига борибди. Балиқчи унга балиғидан тутқазибди. Шунда у балиқчига қараб, “Менга ёрдам бермоқчи бўлсангиз, балиқ берманг, балки тутишни ўргатинг. Шунда мен бу ҳунар билан оиламни боқаман, ундан ортса, қўшниларимга, ундан ҳам ортса, халққа бераман”, дебди.
Яқинда нашрдан чиққан “Кластер — интеграция, инновация ва иқтисодий ўсиш” китобини ўқиб чиқсангиз, бу ҳикматнинг моҳиятини янада теран англайсиз. Негаки, бугун тилимизга янги атама — кластер кириб келди. Унинг моҳиятини амалиётга биринчилардан бўлиб татбиқ этаётганлар ниҳоятда яхши билишади.
Мазкур китоб муаллифларидан бири Муртазо Раҳматов ташаббуси билан Бухоро вилоятида инновацион лойиҳа — пахта-тўқимачилик кластери лойиҳаси рўёбга чиқарилмоқда. Унга кўра, кластер тизимида жами саккизта корхона фаолияти йўлга қўйилади. Пахта экишдан то тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи ягона технологик занжирга бирлаштирган ушбу мажмуалар соҳада инновацион иқтисодиётга ўтишнинг муҳим босқичи ҳисобланади. Бунда илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш интеграцияси чуқурлашади, янги инновацион технологияларни амалиётга жадал жорий этишга қулай шароит яратилади.
Президентимиз ўтган йили Бухоро вилоятига қилган ташрифи давомида “Бухоро коттон текстиль” қўшма корхонаси ва кластер лойиҳаси билан танишиб, уни янада такомиллаштириш бўйича топшириқлар берган эди. Унга мувофиқ, лойиҳа янада мукаммаллаштирилди. Айни вақтда кластер тизимига Ромитан туманидан 8 минг гектар ер ажратилди. Илгари шунча майдонда атиги 436 киши меҳнат қилган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 2 минг нафардан ошди. Ерга чигит қадалиб, ғўза ниҳоллари илғор агротехника тадбирлари асосида парваришланмоқда. Лойиҳанинг бошқа йўналишларида ҳам ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбирда сўзлаган нутқидаги “...пахтани етиштиришдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни ўз ичига қамраб олган кластер усулига биз Ўзбекистон пахтачилигининг келажаги сифатида қарамоқдамиз”, деган фикрларидан илҳомланган амалиётчилар ушбу лойиҳа билан кенг жамоатчиликни таништиришни мақсад қилди.
Айни вақтда кластер йўналиши иқтисодиётнинг барча тармоғи учун истиқболли эканлигини намоён этмоқда. Шу маънода, муаллифлар — иқтисод фанлари доктори Муртазо Раҳматов ҳамда биология фанлари доктори, академик Бакриддин Зариповнинг мазкур рисоласи кластернинг моҳиятини англашда юртдошларимиз учун муҳим қўлланма бўлиши мумкин.
Намоз БОТИРОВ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг