Китоб — тафаккур кемаси
Фото: “Халқ сўзи”
Китоб — замонлар тўлқинида сузувчи, ўзидаги маънолар хазинасини аждодлардан авлодларга авайлаб етказувчи тафаккур кемасидир. Уларнинг саҳифалари ҳикматларга бой ва кўнгилларда эзгу туйғуларни уйғотмоққа қодир. Шу боис мамлакатимизда китоб мутолааси тарғиботига, айниқса, ёшларда китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилган “Зукко китобхон” кўрик-танлови ҳам айни шу каби эзгу мақсадларни ўзида жамлагани билан аҳамиятлидир.
Мазкур кўрик-танлов навқирон авлоднинг ижтимоий-маънавий билимларини янада мустаҳкамлаш ва амалий кўникмаларини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда китоб ўқишга қизиқишларини янада ошириш мақсадида ташкил этилди.
Танловнинг Тошкент шаҳри босқичида 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар жамоавий тарзда иштирок этди. Якуний натижаларга кўра Яккасарой тумани биринчи, Олмазор тумани иккинчи, Мирзо Улуғбек тумани эса учинчи ўринни қўлга киритди.
Тадбир сўнггида ғолиб ва фаол иштирокчилар эсдалик совғалари ҳамда дипломлар билан тақдирланишди.
Мафтуна УЗОҚОВА, ЎзДЖТУ талабаси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг