Хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 80 фоизга етказилади

16:50 18 Февраль 2022 Иқтисодиёт
1301 0

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгиланган.

Хусусан, иқтисодиётда барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни – 1,6 баравар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш учун замин яратиш кўзда тутилган.

Шунингдек, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва йиллик инфляция даражасини 2023 йилгача босқичма-босқич 5 фоизгача пасайтириш, давлат бюджети тақчиллигини қисқартириш ва 2023 йилдан ялпи ички маҳсулотга нисбатан унинг 3 фоиздан ошиб кетмаслигини таъминлаш мақсад қилинди.

Ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизини «Фуқаролар бюджети» дастури доирасида аҳолининг таклифлари асосида энг долзарб муаммоларни ечишга сарфлашни ташкил қилиниши тўғрисидаги ташаббус шубҳасиз, юртимизда инсон қадри ва унинг манфаатларини янада юксалишига хизмат қилади.

Стратегияда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш учун шароитлар яратиш, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга ва экспортдаги улушини 60 фоизга етказишдек улуғвор мақсадлар ўрин олган.

2026 йилга бориб эса тадбиркорлик субъектларига солиқ юкламасини ялпи ички маҳсулотнинг 27,5 фоизидан 25 фоизи даражасига камайтириш, тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини бошлаши учун зарур маълумотларни эркин фойдаланишга чиқариш тўғрисидаги вазифалар белгиланганки, уларнинг ҳаммаси жуда муҳимдир.

Яна бир аҳамиятга молик томони шундаки, Стратегияда ҳудудларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш орқали кейинги 5 йилда хизмат кўрсатиш ҳажмини 3 бараварга ошириш, ушбу йўналишда жами 3,5 миллион янги иш ўринларини яратилиши белгиланган. Бу эса шунча фуқаро доимий иш жойига, даромад манбаига эга бўлади, дегани.

Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси ва Орол бўйида экотуризмни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурни амалга ошириш, бунда Мўйноқнинг янги аэропорти имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича алоҳида вазифалар ўрин олганки, буларнинг ҳаммаси ҳудудда туризм имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали янги иш ўринлари яратилишини таъминлайди.

Умуман олганда, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда барча даражадаги раҳбарлар, жумладан, депутатлар камарбаста бўлиши керак. Зотан, ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг барчаси инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилашга хизмат қилади.

Руслан ЖУМАМУРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер