Хўжайлида Бухоро нафаси кезмоқда
Фото: Халқ сўзи
Илгари хабар қилганимиздек, Бухоро вилояти Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманини ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий- иқтисодий ривожлантириш ишларига баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда.
Оролбўйининг 125 минг атрофида аҳоли истиқомат қилаётган мазкур туманида бухороликлар саъй-ҳаракати билан инфратузилмани равнақ топтириш йўналишида кенг қамровли юмушлар бажарилмоқда. Масалан, Бухоро вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси жамоаси томонидан 8 километрга яқин масофадаги яроқсиз аҳволга келган симёғочлар 150 та темир-бетон таянч устунлар билан алмаштирилди. Хўжайлининг «Жайхун», «Шағалакўл» маҳаллаларида янги трансформаторлар ўрнатилди. Аҳоли ва корхона – ташкилотларни электр энергияси билан таъминлашни яхшилашга қаратилган бу каби ишлар давом этмоқда. Йўл ва кўчаларни асфальтлаш, шағал ётқизиш, табиий газ таъминоти борасидаги тадбирлар ҳам авж паллада. «Кун нури» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида эса бухороликлар томонидан уй-жойлар барпо этиш бошлаб юборилган.

Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Олимжон Жўраевнинг хабар беришича, Хўжайлида куни кеча яна бир эсда қоларли тадбир ташкил этилди. Туманда Бухоро вилояти маданият кунлари тадбири ўтказилди. Шу муносабат билан қорақалпоқ заминига Бухоро вилоят делегацияси ташриф буюрди. Даставвал Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация аъзолари, масъуллар Хўжайлидаги маҳаллалар, инфратузилма объектларида бўлиб, амалга оширилган ишлар билан танишдилар. Галдаги вазифалар юзасидан фикрлашиб олинди.
Эзгу мақсадлар, савоб ишлар кўнгилларга қувонч олиб киради.Одамларнинг янада яхшироқ яшашга бўлган иштиёқини кучайтиради. Шу нуқтаи назардан тумандаги «Яккасарой» маросимлар залида хўжайлилик ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари 10 нафарининг суннат ва 20 та оила фарзандларининг никоҳ тўйлари ўтказилгани айни муддао бўлди.

Маданият кунлари дастури доирасида бухоролик санъаткорлар томонидан намойиш этилган театрлаштирилган томоша ва концерт туман аҳолисига янада хушнудлик бағишлади.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг