“Хўжа Калон” ҳовузи олдида ўзбошимчалик билан бошланган таъмирлаш ишлари тўхтатилди
Кейинги кунларда турли ижтимоий тармоқлар, интернет сайтларида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида жойлашган “Хўжа Калон” ҳовузида олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари ҳолати юзасидан Бухоро шаҳар ҳокимлиги, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш Департаментининг вилоят бошқармаси ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари томонидан ўрганиш ўтказилди. Бу ҳақда Бухоро шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мақолада қайд этилганидек, ҳақиқатдан ҳам Бухоро шаҳридаги “Хўжа Калон” масжиди ва минораси 1573–1579 йилларда қурилган бўлиб, бемисл маданий қийматга эга объект ҳисобланади. Бухоро шаҳрининг тарихий қисми ҳудудида жойлашган бу объект ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилиб, муҳофазага олинган.
Маданий меросни сақлаш ва реставрацияси бўйича кўп йиллик меҳнат фаолиятига эга бўлган мутахассислар ва мазкур ҳудудда яшовчиларнинг маълумотларига кўра, Бухоро шаҳар Гавкушон кўчасидаги “Хўжа Калон” ҳовузи 2001 йилда олиб борилган реконструкция ишлари давомида топилган ва ўша йилда қайта реставрация қилинган.
Бироқ ўша даврдаги таъмирлаш ишлари шошилинч ва сифатсиз амалга оширилгани боис ҳовузга тўпланадиган сув оқими йўналиши дренаж ва канализация тизимларига уланмаган.
Ҳар йилги кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, баҳор ва куз фаслларида юзага келаётган ёғингарчиликлар давомида тўпланадиган катта ҳажмдаги сув қадимий маданий мерос объектлари, жумладан, “Чор Минор” мадрасаси, “Хўжа Калон” масжиди ва минораси каби объектлар пойдеворига сизиб кириб, уларнинг емирилиши ва чўкишига олиб келмоқда. Бундай ҳолатларда сув таъсирини олдини олиш ёки камайтириш учун ҳар бир объект бўйича тезкор (оператив) чоралар кўрилиши талаб этилмоқда.
Шу муносабат билан об-ҳаво, ёғингарчиликлар ва динамик таъсирлар натижасида “Хўжа Калон” ҳовузи ғиштларида чўкиш, ёрилиш ва эскиришлар кузатилганлиги туфайли ҳамда ушбу обьектга олиб борувчи кўчаларда сув тўпланиши натижасида аҳолининг ҳаракатланишига ноқулайликлар пайдо бўлаётганлиги ҳақида “Ҳамид Олимжон” маҳалласида яшовчи аҳолининг мурожаатларини эътиборга олиб, объект атрофи, қолаверса, “Шоҳруд” ариғини қайта реконструкция қилиш режалаштирилган.
Ўрганишлар жараёнида маълум бўлишича, ҳар йили камида икки марта “Шоҳруд” ариғини балчиқ ва чиқиндилардан тозалаш ишлари белгиланган бўлиб, навбатдаги тозалаш ишлари вақтида “Хўжа Калон” ҳовузи атрофидаги тошлар ёмғир сувлари таъсирида ўрнидан қўзғалиб йиқилганлиги сабабли уларни тезкор тартибда жойига ўрнатиб қўйиш мақсадида бу жойга техника киритилган.
Бироқ тузатиш ишлари жараёнида қадимий маданий мерос объекти ҳисобланган “Хўжа Калон” масжиди ва минорасига зарар етказилмаган.
Шундай бўлса-да “Хўжа Калон” ҳовузи атрофида ўзбошимчалик билан бошланган таъмирлаш ишлари зудлик билан тўхтатилди.
Ўрганиш давомида ушбу объектда таъмирлаш ишларини олиб бориш учун қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга амал қилмаган ҳолда қурилиш техникаларини киритилиши ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш ва айбдорларга нисбатан таъсир чораларини кўриш бўйича тўпланган ҳужжатлар Бухоро шаҳар прокуратурасига тақдим қилинди.
Юқоридагиларга асосланган ҳолда ҳамда бу ҳудудда динамик таъсирлар натижасида маданий мерос объектларни емирилиши ва нураб кетишини олдини олиш мақсадида амалга ошириладиган тиклаш ва реставрация ишлари бўйича тайёрланган лойиҳа ҳужжатлари қисқа фурсатда Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментига тақдим этилиши маълум қилинади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг