Хориждан импорт қилинган колбаса ва сосиска маҳсулотлари техник регламент талабларига жавоб бермаслиги аниқланди
Истеъмолчи маҳсулот харид қилаётганда албатта унинг қадоғидаги маълумотлар билан танишиши лозим. Белгиланган меъёрларга асосан маҳсулот ёрлиғидаги маълумотлар аниқ ва давлат тилида бўлиши талаб этилади. Айниқса озиқ-овқат маҳсулоти ёрлиғидаги маълумот истеъмолчида шубҳа уйғотса,ушбу маҳсулотни харид қилмаган маъқул.
«Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги департамент ва Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамкорликда «Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламенти талабларининг бажарилиши ўрганилди.
Пойтахтимиздаги савдо растасида сотилаётган “MOS PROD TORG” МЧЖ томонидан юртимизга импорт қилинган Россия давлатида ишлаб чиқарилган «Останкиноновый стандарт» МЧЖ, «Стародворские колбасы», ва «Останкинский мясоперерабатывающий комбинат» томонидан ишлаб чиқарилган колбаса ва сосиска маҳсулотлари ёрлиғида озиқлик қиммати (углеводлар миқдори) тўлиқ ёритилмаганлиги, ёрлиғидаги маълумотни ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги ва маркировкаси давлат тилида бўлмаганлиги аниқланди. Бу ҳақда «Ўзстандарт» агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
“MOS PROD TORG” МЧЖ номига мувофиқлик сертификатини расмийлаштириб берган сертификатлаштириш идораси масъул ходимларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг