Хоразмнинг уч туманига янги ҳокимлар тайинланди
Бугун, 18 март куни Хоразм вилояти халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масалалар кўрилди ҳамда вилоятнинг учта туманига янги ҳокимлар тайинланди. Бу ҳақида Хоразм вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Унга кўра, Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимовнинг тавсиясига биноан Абдуллаев Мақсудбек Ҳожиевич Ҳазорасп тумани ҳокими лавозимига тасдиқланган.
Мақсудбек Абдуллаев Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Миллий кадрлар захирасидан Тупроққалъа туманидаги «NEW BEST STYLE» МЧЖ таъсисчиси ҳисобланади.
Давлатов Улуғбек Жуманиёзович Хоразм вилояти Хонқа тумани ҳокими лавозимига тайинланди.
Ушбу лавозимга тасдиқлангунга қадар Давлатов Улуғбек Жуманиёзович Янгибозор тумани ҳокимининг молия иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Давлатов Мурадбек Сапарбоевич Хоразм вилояти Шовот тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Мазкур лавозимга тайинлангунга қадар у Хоразм вилояти Хонқа тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган эди.
«Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзга чиққанлар юқоридаги номзодларни якдиллик билан қўллаб- қувватлади», — дейилади ҳокимлик хабарида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг