Хоразмдаги Хитой билан ҳамкорликдаги қўшма корхонада экскаваторлар ишлаб чиқарилмоқда

16:36 25 Январь 2024 Жамият
470 0

Урганч шаҳрида фаолият кўрсатаётган “UzXCMG” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида ҳозирги кунда 10 хил турдаги гидравлик экскаваторлар, шунингдек, қурилиш соҳаси учун ва автомобиль йўлларини таъмирловчи техника воситалари ишлаб чиқарилмоқда.

Илгари мамлакатимизда қурилиш ва сув хўжалиги тизимлари учун ўта зарур бўлган бундай техника воситалари Хитойдан валюта эвазига келтирилар, эҳтиёт қисмлар таъминоти ва сервис хизмати кўрсатишда муайян қийинчиликлар мавжуд эди. Қўшма корхонанинг ишга туширилиши бундай муаммоларга ечим топиш баробарида, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида самарали амалга ошириш имконини берди. Қўшма корхонада шу кунгача 50 дан ортиқ турдаги махсус техника, жумладан, занжирли ва ғилдиракли экскаваторлар, бульдозерлар, асфальт зичловчи катоклар, юк ортгичлар, автогрейдер, йўл фрезаси ишлаб чиқарилди. Барча техникалар халқаро стандартларга жавоб беради.

— Корхонамиз йилига 300 дона махсус техника воситаларини ишлаб чиқариш қувватига эга, — дейди корхона бош директорининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Хурсанд Ёқубов. — Корхонада фаолияти давомида бугунги кунгача умумий ҳисобда 2 минг 500 дона экскаватор ва бошқа техника воситалари ишлаб чиқарилди. Марказий Осиёда ягона ҳисобланган корхонамиз маҳсулотларига нафақат ички бозорда, қўшни давлатларда ҳам талаб катта. Маҳсулотларимизнинг бир қисмини Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қиляпмиз.

— Ўзбекистонда Хитой сармояси асосида ташкил қилинган корхоналар жуда самарали фаолият юритмоқда, — дейди “UzXCMG” МЧЖ бош директорининг молия-иқтисод масалалари бўйича ўринбосари Су Хаи Янг. — Бизнинг қўшма корхонамизда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми йилдан йилга ортиб бормоқда. Аминманки, Урумчи шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон – Хитой ҳудудлараро форуми икки қардош мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқади.

Корхонада маҳаллийлаштириш даражасини ошириш мақсадида ўтган йил Хитойнинг “XCMG” корпорациясидан қўшимча ускуналар келтирилиб, экскаваторларнинг яна бир нечта турдаги бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Натижада маҳаллийлаштириш даражаси 42 фоизга етди. Келгусида маҳаллийлаштириш кўрсаткичини тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш доирасида 51 фоиздан юқори даражага етказиш, маҳсулот таннархини камайтириш, рақобатбардошлигини ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер