Хоразмда «Ҳар бир маҳаллага китоб» лойиҳаси давом этмоқда
Фото: Халқ сўзи
«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят бўлими томонидан «Ҳар бир маҳаллага китоб» лойиҳаси доирасида 70 та МФЙга 40 номдаги 2 минг дона янги китоблар топширилди. Ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналаридан иборат ушбу бадиий асарлар маҳаллаларда китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларнинг китоб мутолаасига қизиқишини оширишда муҳим аҳамият касб этиши муқаррар, албатта.

— Маҳалла биносида ташкил қилинган кутубхонамиз 600 дан ортиқ китоб фондига эга, — дейди Урганч туманидаги «Оёқбоғ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зулфия Отажанова.— Маҳалламиздаги кекса авлод вакиллари, ёшлар бўш вақтларида кутубхонага ташриф буюриб, мутолаа учун ўзлари қизиққан адабиётларни олиб туришади. Китобхонларимиз орасида мактабнинг бошланғич синф ўқувчиларидан тортиб ёши 90 га етган табаррук нуронийларимиз ҳам бор. Фонд томонидан янги китоблар тақдим қилингани ана шу турли ёшдаги китобхонларимизни бирдек қувонтирмоқда.
Одилбек ОДАМБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг