Хоразмда «ДХМ волонтёрлар клуби» иш бошлади

12:49 23 Февраль 2021 Жамият
853 0

Кун сайин Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сони ортиб бормоқда. Бу эса фойдаланувчиларга бир қатор қулайликлар яратиши баробарида ДХМга ташриф буюрувчилар сонининг ортишига, уларнинг навбатларда кутиб қолишига сабаб бўлаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас.

Маълумот учун: Давлат хизматлари марказлари ташкил қилинганида улар томонидан аҳолига атиги 16 та давлат хизмати кўрсатилган бўлса, бугунги кунга келиб хизматлар сони 150 тага етди ва ушбу кўрсаткични 300 тага етказиш кўзда тутилган.

Хусусан, Хоразм вилоятида ҳам фуқароларга қулайликлар яратиш бўйича барча ДХМларда электрон навбат бериш қурилмалари ўрнатилган, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаклари ташкил қилинган, марказ ходимлари томонидан махсус техник воситалар билан жиҳозланган автотранспорт воситаларида олис ҳудудларга бориб, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиб келиняпти. Ўз навбатида марказдан узоқ ҳудудларда 6 та ДХМ филиаллари фаолияти йўлга қўйилди. Лекин ҳаёт бу борада амалга оширилган ишларнинг етарли эмаслигидан далолат бермоқда.

Бинобарин, мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтариш, аҳолининг онлайн хизматлардан фойдаланиш бўйича кўникмалари, ушбу хизматлардан фойдаланувчилар сонини ошириш мақсадида вилоятда «ДХМ волонтёрлар клуби» ташкил қилинди.

«ДХМ волонтёрлар клуби» фаолиятини йўлга қўйиш бир неча босқичда амалга ошириляпти.

Хусусан, яқинда Урганч шаҳридаги юридик техникумда таълим олаётган 60 нафар ёшнинг Урганч шаҳар ДХМга ташрифи ташкиллаштирилиб, «ДХМ волонтёрлар клуби»га аъзо бўлиш истагини билдирган илк қалдирғочлар рўйхати шакллантирилди. Талаба-ёшлар ДХМларга ихтиёрийлик асосида жалб қилиниб, уларга масъул ходимлар томонидан Давлат хизматлари марказларининг ва волонтёрлар клуби фаолияти ҳақида маълумот берилди. Келгусида волонтёрлик қилиш истагини билдирган ёшларнинг яшаш жойи бўйича маҳаллалар кесимида рўйхати тузилади.

Кейинги босқичда клуб аъзоларига бошқарма ва ДХМ ходимлари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш бўйича бир ҳафталик семинар-тренинг ташкил қилинади.

Шундан сўнг, волонтёрлар томонидан бўш вақтларида ўзларининг маҳаллаларида аҳолига бевосита давлат хизматларини онлайн кўрсатиш баробарида уларнинг мазкур хизматлардан фойдаланиш кўникмалари оширилади ҳамда давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби тарғиб қилинади.

Хўш, клбуга аъзо бўлиш нима беради?

Ҳар ой якунида бошқарма томонидан энг фаол волонтёрлар аниқланиб, энг уларга сертификат, қимматбаҳо совғалар бериш, бундан ташқари, алоҳида намуна кўрсатган волонтёрларни ДХМ ва ФҲДЁ бўлимлари кадрлар захирасига олиниб, белгиланган тартибда ишга қабул қилиш масаласи кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер