Хоразм тўқимачилик саноатида икки йилда 40 та лойиҳа амалга оширилади
Фото: Халқ сўзи
Тўқимачилик саноати кейинги йилларда Хоразм вилояти иқтисодиётининг энг жадал ривожланаётган, хорижий сармояларни жалб этиш ва маҳсулот экспорт қилиш бўйича етакчи тармоғига айланди. Президентимизнинг 2022 йил 21 январдаги «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарида чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ҳамда уларнинг экспортини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони вилоятда мазкур тармоқлар ривожини яна бир босқичга олиб чиқди. Ушбу ҳужжат ижроси доирасида пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан соҳага тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилган ҳолда ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, юксак технологияли инновацион ишлаб чиқариш йўлга қўйилаётир.
Жумладан, Шовот туманида “Uztex Group” таркибига кирувчи “Textile Finance Khorezm” МЧЖ томонидан ишга туширилаётган тайёр тикув маҳсулотлари ва ип-калава ишлаб чиқариш қувватлари ана шундай истиқболли лойиҳалардан ҳисобланади. Мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 60 млн. доллар бўлиб, йилига 10 минг тонна ип-калава ва 7 млн. дона тикув маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Янги цехларнинг ишга тушиши натижасида қўшимча 2 мингта иш ўрни яратилиб, корхонанинг экспорт имконияти қўшимча 30 млн. долларга ошади.

Қўшкўпир туманида “WBM Qoʼshkoʼpir klaster” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 49 млн. еврога тенг бўлиб, қуввати йилига 24 минг тоннани ташкил қилади. Корхона жорий йилнинг II чорак якунигача ишга туширилиши режалаштирилган ва бу ерда 600 киши бандлиги таъминланади.
— 2023-2024 йилларда вилоятда тўқимачилик саноатида умумий қиймати 360 млн. доллар бўлган 40 та лойиҳа амалга оширилиши ва 14 минг 515 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган, — дейди Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари – вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи котибияти мудири Неъматжон Отаев. — Жумладан, 2023 йилда 39 минг тонна ип-калава, 30,2 минг тонна трикотаж мато, 21 минг тонна матони бўяш, 80 млн.дона тайёр тикувчилик маҳсулотлари, 62,5 минг квадрат метр газлама мато тайёрлаш лойиҳалари рўёбга чиқарилади.
Бундан ташқари вилоятдаги тўқимачилик саноати корхоналарининг хорижий брендлар билан ҳамкорлиги йўлга қўйилмоқда. Жумладан, Гурлан туманидаги «Гурлан Глобал Текс» МЧЖда машҳур “LC Waikiki”, Урганч шаҳридаги «УзТекс Груп» филиалида “Stefano Ricci” брендлари остида маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
Мустақилликнинг дастлабки йилида Хоразм вилоятида шу ҳудудда етиштирилган пахта толасининг атиги бир фоизи қайта ишланган бўлса, янги корхоналарни бунёд этиш, мавжуд корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ҳисобига жорий йил охиригача вилоятда ишлаб чиқарилган пахта толасини тўлиқ қайта ишлашга етарли қувватлар ишга туширилади.
Одилбек ОДАМБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг