Хоразм, Навоий, Жиззах ва Андижонда «валютчиклар» қўлга тушди

16:10 14 Март 2025 Жамият
243 0

Хоразм, Навоий, Жиззах ва Андижон вилоятларида ноқонуний валюта айирбошлаш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ички ишлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қатор шахслар ноқонуний валюта айирбошлаш билан шуғуллангани аниқланиб, улар ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Хоразм вилоятидаги тезкор тадбирда Хива шаҳрида муқаддам жиноят содир этган Н.Б. фуқаро М.Х.дан 15 минг АҚШ долларини 193,5 миллион сўмга сотиб олган вақтида қўлга тушди. Ушбу ҳолатда барча маблағлар ашёвий далил сифатида олинди.

Навоий вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида Д.К. ва бошқа шахслар фуқаро Б.К.га 4 минг АҚШ долларини 51,8 миллион сўмга сотгани аниқланди. Ушбу ноқонуний операция чоғида ҳам далиллар қайд этилди ва шахслар ҳибсга олинди.

Жиззах вилоятидаги тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланган Д.Д. фуқаро М.А.га 3,5 минг АҚШ долларини 45,5 миллион сўмга сотган вақтида қўлга олинди. Унинг фаолияти тўхтатилиб, тергов ҳаракатлари бошланди.

Шунингдек, Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги «Янги бозор» деҳқон бозори ҳудудида ўтказилган тадбирда фуқаро Д.Б. фуқаро И.И.га 3,2 минг АҚШ долларини 41,4 миллион сўмга сотгани аниқланди. Тадбир давомида Д.Б.нинг ўзидан жами 4 295 АҚШ доллари ва 41,8 миллион сўм пул ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Барча шахсларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ноқонуний валюта айирбошлашга қарши курашни давом эттиришларини маълум қилдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер