Ходимлар ўз ишига қайта тикланди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича йўлга қўйилган самарали тизим туфайли ишчи-ходимлардан келган мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилмоқда.
Хусусан, яқинда Мирзаобод туманидаги 31-умумий ўрта таълим мактабида фаррош бўлиб ишлаб келган фуқаролар Д. Субҳонова ҳамда М. Акбарова Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига мурожаат қилди.
Мурожаатчилар иш берувчи улар билан тузилган меҳнат шартномасини “интизомни қўпол равишда бузган”, деган важ билан бекор қилганлигини баён этган, шу масалага қонуний ечим топиш ҳамда ишга қайта тикланишида ёрдам кўрсатилишини сўрашган эди.
Бу масала атрофлича ўрганиб чиқилди. Натижада меҳнат шартномасини бекор қилиш жараёнида соҳа қонунчилигининг талаблари бузилганлиги аён бўлди. Шу асосда ходимларни ишга тиклаш ва мажбурий прогул даври учун уларга ҳақ берилиши юзасидан Касаба уюшмалари томонидан мактаб маъмуриятига тақдимнома киритилди. Аммо талабнома мактаби маъмурияти томонидан ижобий ҳал этилмади.
Шундан сўнг фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё вилояти судига даъво аризаси киритилди. Пировардида мазкур суднинг 2019 йил 1 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан ҳар икки ходим ўз вазифасига қайта тикланди ҳамда уларга мажбурий прогул кунлари учун жами 1 миллион 585 минг 612 сўм иш ҳақи ундирилиши белгиланди.
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг