Хивадаги ногиронлиги бўлган шахслар яшайдиган мурувват уйидаги шароитлар ўрганилди
2022 йилнинг 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили Одилбек Оллаёров томонидан Хива ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар «Мурувват» интернат уйига мониторинг ташрифини амалга оширилди.
Хива «Мурувват» интернат уйи 330та ўринга мўлжалланган бўлиб, мониторинг ўтказилган кунда 329 та бемор даволанаётганлиги маълум бўлди.
Мониторингда беморларни яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш шароитлари ўрганилди. Аниқланишича, беморларга аутсорсинг хизмати асосида кунига 4 маҳал иссиқ овқат берилади. Беморларга қариндошлари билан учрашиш учун ҳам етарли шароитлар яратилган.
Тиббиёт ходимлари томонидан дори-дармонлар етарли эканлиги маълум қилинди. Уларни танлаб кўздан кечирилганда яроқлилик муддати ўтганлари аниқланмади.
Шунингдек, муассасада яшаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ювиниш хоналари кўздан кечирилганда, санитар-гигиена талабларига оид камчиликлар аниқланмади.
Мониторинг давомида қатор камчиликлар ҳам аниқланди. Жумладан, муассасанинг ошхонаси ва овқатланиш зали кўздан кечирилганда ошхона биноси таъмирталаблиги ва белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланди.
Муассасадаги беморлар билан холи тарзда суҳбатлашилганда шароитлар бўйича ариза ва шикоятлар келиб тушмади.Мониторинг давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича минтақавий вакил томонидан муассаса раҳбариятига тавсиялар берилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг