Хива шаҳрида “Қовун сайли” халқаро фестивали ўтказилади

19:01 09 Август 2023 Жамият
778 0

Фото: “Халқ сўзи”

Шу йилнинг 12-13 август кунлари қадимий ва навқирон Хива ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Қовун сайли” халқаро фестивалига мезбонлик қилади.

Маданият вазирлиги, Туризм қўмитаси ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу тадбирдан кўзда тутилган мақсад Хоразмнинг агротуризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш, ички ва ташқи туризмни ривожлантиришдан иборатдир.

Қовун сайлида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар, Хоразм вилоятининг барча шаҳар ва туманлари ўзларига ажратилган павильонларни байрамона безатиб, ўз ҳудудларида етиштирилган ширин-шакар қовунларнинг кўргазма савдосини ташкил қиладилар.

— Фестиваль доирасида концерт дастурлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари намойиши, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий либослар кўргазмалари ташкил этиш режалаштирилган,—дейди Хоразм вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботир Саидов. — Шунингдек, фестиваль кунлари миллий қадрият ва анъаналаримизни кенг тарғиб этиш мақсадида дорбоз ўйинлари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, қўғирчоқ театри томошалари, миллий таомлар ва Хоразм нонларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказилади.

Ўз навбатида вилоятда фаолият кўрсатаётган бадиий жамоалар ва фольклор гуруҳларининг жонли ижродаги чиқишлари ҳамда бошқа маданий тадбирлар бўлиб ўтади.

                                              Одилбек ОДАМБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер