Хитойлик ҳамкорлар билан истиқболли лойиҳалар бўйича келишувга эришилди
Фото: “Халқ сўзи”
Тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари бошчилигидаги делегация айни кунларда хизмат сафари билан Хитой Халқ Республикасининг Тиандзин шаҳрида бўлиб турибди.
Сафарнинг биринчи кунида Тиандзин илм фан ва технологиялар университети технопарки ҳамда унда амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишилди.

Сўнгра хитойлик тадбиркорлар билан қатор самарали учрашувлар ўтказилди. “G2B” ва “B2B” шаклидаги музокаралар давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳалари ва дастурларини тайёрлаш масалаларини кўриб чиқишди.

Бундан ташқари, ишбилармонлар билан Сирдарё вилоятидаги эркин иқтисодий, шунингдек, кичик ва ёшлар саноат зоналари бошқарувига Хитой тажрибасини жорий этиш, хорижий компанияларни жалб қилиш услубларини амалда қўллаш борасида фикр алмашилди.
Якуний келишувларга кўра, Гулистон шаҳрида биологик қўшимчалар, Янгиер шаҳрида озуқа маҳсулотлари, гўдаклар учун махсус қоришмалар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 27 миллион АҚШ долларлик лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг