Хитой компанияси Қашқадарёда бир қатор лойиҳаларни амалга оширади
Фото: “Халқ сўзи”
Чин мамлакатининг "Noah ark" компанияси Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида пахтани қайта ишлаш, сунъий тола, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ҳамда қуёш фотоэлектрстанциясини барпо этиш, Китоб туманида эса Хитой фасоли етиштириш ва уни қайта ишлаш билан боғлиқ лойиҳаларга қизиқиш билдирмоқда.

Шу мақсадда ушбу туманларга ташриф буюрган компания вакиллари бу ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Ҳар икки туман ҳокимлари билан учрашув ўтказиб, лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ҳақида фикр алмашди. Ҳамкорликнинг томонлар учун манфаатли жиҳатлари кўриб чиқилди.
Мулоқотлар сўнгида тез орада ушбу лойиҳаларни рўёбга чиқариш бўйича амалий ишлар бошланиши таъкидланди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, Хитойнинг "Noah ark" компанияси гидро иншоотлар, кўприклар, автомобиль ва темир йўлларини қуриш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, буғдой экспорти ва импорти, шунингдек, оғир юк машиналари, тез тиббий ёрдам машиналари, йўловчи вагонлари, қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда қайта ишлаш технологияларини етказиб бериш каби кўплаб соҳаларда самарали фаолият юритиб келмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг