Хитой компанияси Бухоро вилоятида «яшил» энергия лойиҳаларига 125 млн доллар инвестиция киритмоқчи
Ўзбекистоннинг Бош консулхонасида Хитойнинг «Soltenia Technology Introduction» (STI) компанияси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар марказида Ўзбекистонда «яшил» энергия ишлаб чиқариш ва энергия сақлаш тизимларини яратиш масалалари турди.
STI компанияси Бухорода интеграциялашган иссиқлик ва фотоэлектрик «яшил» энергия тизимини барпо этишга қизиқиш билдирди. Лойиҳа қиймати 75 миллион АҚШ доллари этиб белгиланган. Хитой томони корхоналар ва объектлар учун қиймати 50 миллион долларлик навбатдаги лойиҳани ҳам амалга оширишга тайёр.
STI компанияси қуёш иссиқлик энергияси ва эритилган тузлардан фойдаланган ҳолда иссиқликни тўплаш технологиялари бўйича дунёдаги етакчи тузилмалардан бири саналади. Бу усул энергия самарадорлигини ошириш ва ишлаб чиқаришда узлуксиз экологик тоза манбалардан фойдаланиш имконини беради.
Ушбу инвестициявий ташаббуслар Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси доирасида ҳудудларнинг энергетик мустақиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг