Халқимизнинг орзу-армонлари мусаввири
Сирожиддин Воҳидов - "Халқ сўзи"
Халқнинг азалий орзу-армонлари, ўлмас қадриятлари, умид ва мақсадлари, қувончу қайғулари сўз санъатида намоён бўлади. Президентимиз таъбири билан айтганда, адабиёт — халқнинг юраги.
Шу боис ўзидан бебаҳо ижодий мерос — умрбоқий асарлар қолдирган ёзувчию шоирлар ҳамиша давлатимиз эътиборида, эл-юртимиз ардоғида.

Мамлакатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 декабрдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллиги ҳам юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Ўзбек Миллий академик драма театрида ёзувчи ҳаёти ва ижодига бағишланган тантанали адабий-бадиий кеча ўтказилди. Унда давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчилар, шоирлар, адабиёт ихлосмандлари, ижодий ташкилотлар, ёзувчининг оила аъзолари, ёш ижодкорлар, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Театр фойесида Ўткир Ҳошимов асарлари, унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар, санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Тадбир аввалида давлат буюртмасига асосан Кинематография агентлиги томонидан ёзувчининг ҳаёти ва ижодига бағишлаб тайёрланган “Чироқ кўтарган одам” номли ҳужжатли фильм намойиш қилинди.

Тантанали кечада сўзга чиққанлар мамлакатимиз адабий-маданий жараёндаги ислоҳотлар ҳамда Ўткир Ҳошимов маънавий меросининг ўрни ва аҳамияти хусусида фикр юритишди.
Таъкидланганидек, Ўткир Ҳошимов ўтган асрнинг 60-йилларида адабиёт бўстонига ўзига хос ёрқин овоз билан кириб келди. Илк асари биланоқ атоқли ёзувчилар эътиборига тушди. Улкан адиб Абдулла Қаҳҳор ёш истеъдодли қаламкаш Ўткир Ҳошимовнинг “Чўл ҳавоси” қиссасини ўқиб: “Бирдан лов этиб аланга билан бошланган ижоднинг келажаги порлоқ бўлади. …Шу аланга ҳеч қачон пасаймасин, ижодингиз ҳеч қачон тутамасин!” дея бўлажак халқ ёзувчисига ўзининг оталарча хайрихоҳлигини изҳор этган эди.
Адибнинг “Баҳор қайтмайди”, “Қалбингга қулоқ сол”, “Нур борки, соя бор”, “Дунёнинг ишлари”, “Икки эшик ораси”, “Тушда кечган умрлар”, “Икки карра икки — беш” каби қисса ва романлари, юздан ортиқ дилбар ҳикоялари, комедия ва фожиалари халқ орасида жуда машҳур бўлиб кетди.

“Катта истеъдод аввал халқ эътиборини, кейин халқ муҳаббатини ва ниҳоят халқ эътиқодини қозонади. Аслида мана шу уч босқичнинг ҳар биттаси бир умрга тенг”, деб ёзган эди адиб.
Ўткир Ҳошимов ҳаёти давомида ўз ижоди билан ана шу уч умрга тенг яшади, халқнинг эътиборини ҳам, муҳаббатини ҳам, эътиқодини ҳам қозонди.
Бугун юртимизда ёзувчи асарлари кириб бормаган хонадон кам топилади. Қисса ва драмалари асосида саҳналаштирилган спектаклларни, тасвирга олинган кинокартиналарни юртдошларимиз севиб томоша қилиб келмоқда.
— “Баҳор қайтмайди” асари асосида суратга олинган видеофильм телевидение орқали намойиш этилгач, халқимиз орасида Ўткир Ҳошимовнинг шуҳрати яна ҳам кўтарилиб кетганди, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев. — Чунки асарда инсонни чуқур ўйга чўмдирадиган, ҳатто йиғлатадиган жиддий мавзу қаламга олинган. Ёзувчи асар қаҳрамони — Алимардон Тўраев тақдири орқали умр баҳори инсон ҳаётига бир марта келиши ва асло қайтмаслиги, шу боис ҳар бир лаҳзани ғанимат билиб, уни эзгу амаллар билан ўтказиш лозимлигини, ушбу ҳақиқатни унутиб, кибру ҳавога, ҳою ҳавасга берилган киши қисмати фожиа билан якунланишини кўрсатиб берган.

Мамлакатимизда Ўткир Ҳошимов ҳаёти ва ижодини ўрганиш, хотирасини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз қарорига кўра, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ҳамда Адиблар хиёбонида таниқли ижодкорлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида адиб ижодига бағишланган учрашувлар, давра суҳбатлари, анжуманлар ҳамда китобхонлик кечалари ўтказилмоқда.
Чилонзор тумани Дўмбиробод маҳалласидаги Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов яшаб, ижод қилган уйга ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди.
Ёшлар ўртасида “Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони” республика кўрик-танлови ташкил этилди. Адиб асарлари асосида спектакллар саҳналаштирилмоқда. Шунингдек, ёзувчининг қисса ва романлари қайта нашр қилинмоқда. Жумладан, “Танланган асарлар”и чоп этилди. Китоблари хориж тилларига таржима қилинаётир.
— Ўткир ака билан республикада бормаган вилоятимиз қолмаган, шаҳар ва қишлоқларда, корхона ва муассасаларда бўлиб ўтган учрашувларда иштирок этганман, — дейди ёзувчи Ҳуршид Дўстмуҳаммад. — Ҳар сафар Ўткир акадаги самимиятнинг жозибадор қуввати яна ва яна мухлислари сафини кўпайтирганига гувоҳ бўлганман. Ўткир Ҳошимовнинг бирон марта ўзига мурожаат этган одамга нисбатан эътиборсиз бўлганини кўрмадим. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида тирик инсон, тирик инсон тақдири, қисмати, орзу-ҳаваси, ташвишлари бўлади. Инсонга бу қадар юксак меҳр-муҳаббатли муносабатни адиб қаламига мансуб барча асарларида кўриш мумкин. Синчковлик билан таҳлил қилинса, асарларнинг ифода оҳанги, сўз-ибора-жумла танлаш санъати, зиддиятли ҳолатдаги руҳий изтироблар тасвири, яхшини беҳад севиш, ёмонга аёвсиз нафрат туйғуси — шуларнинг барчасида Ўткир Ҳошимов инсон концепциясининг турли қирралари яққол кўзга ташланади.

Кечада Ўзбек давлат драма театри актёрлари ижросида “Дунёнинг ишлари” спектаклидан парча намойиш этилди.
Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли ҳамда санъаткорларнинг куй-қўшиқлари кечага ўзгача шавқ-завқ бағишлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов сўзга чиқди.
Дилшод КАРИМОВ
(“Халқ сўзи”).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг