Халқимиз бугунидан рози бўлиб яшамоқдалар
Ҳасан ПАЙДОЕВ - "Ҳалқ сўзи"
Сўнгги йилларда республикамизда фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш мақсадига йўналтирилган ишлар кўлами янада ортди. Бу борадаги ишлар, айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисда”ги ҳамда 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш доирасида янада кенг қулоч ёйди.
Булоқбоши туманида ҳам 30 дан ортиқ маҳаллалар бўлиб, улар 4 та сектор раҳбарларига бириктирилган. Жумладан, туман прокурори раҳбарлигидаги 2-секторга 8 та маҳаллага масъул.

Ҳудудда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида ҳар бир оилада бўлиб, аҳолининг ижтимоий ҳолати ўрганиб чиқилди. Натижада айрим аҳоли орасида ҳукм сураётган ишсизлик уларнинг турмушида ўзига хос муаммоларни юзага келтираётганлиги аниқланди. Шу боис биринчи галда фуқароларнинг бандлигини таъминлашга катта эътибор қаратилди. Олиб борилган ҳаракатлар туфайли шу кунгача 554 нафар ишсиз фуқароларни ишга жойлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилган бўлса, 490 нафар ҳамюртларимизга ғалладан бўшаган 49 гектар ер майдони ажратиб берилди.
Аҳоли муаммоларини ўрганиш жараёнида “Қумариқ”, “Нур замин” ва “Байналминал” МФЙлари шароити энг оғир маҳаллалар сифатида рўйхатга олинди. Бу манзилларда истиқомат қилувчи аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида ҳар бири билан алоҳида суҳбатлар уюштирилди. Шу тариқа, ҳудуднинг “ўсиш нуқталари”, яъни драйвери аниқланди. Шунга кўра, 105 та оилага имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Бунинг натижасида кимдир тикувчилик, нонвойчилик каби соҳаларда ўзларининг кичик тадбиркорлик фаолиятларига асос солган бўлса, яна кимдир ишлаб чиқариш йўналишида иш бошлаб, нафақат ўзини, балки, ён-атрофидагиларни ҳам иш билан таъминлади.
Шароити оғир ҳудудлар билангина кифояланиб қолиш, бугунги кун сектор аъзоларининг фаолиятига тўғри келмайди. Маҳаллалардаги муаммоларга ижобий ечим топиш учун ҳар бир фуқарони тирикчилик манбаига эга қилмок керак. Шу мақсадда айниқса, Уч кўча маҳалласида олиб борилган ишлар бугунга келиб катта самара бермоқда. Гап шундаки, маҳаллада 480 та хонадон бўлса, уларнинг барчаси узумчилик билан шуғулланиб, йилига 520 тонна ҳосил олишади. Узумчилик соҳасини янада ривожлантириш учун маҳалланинг ўзида мавжуд бўлган имкониятларни ишга солиш эвазига ҳар бир оилани қўшимча 4-5 млн. сўм даромад манбаига эга қилиш мумкин. Бунинг учун кўчаларга ҳам сўритоклар қуриш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Натижада 1 км. масофага темир сўритоклар қуриб бериш мақсадида 340 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Шу ўринда айтиш лозим, бу пайтгача ҳар бир хонадон 3-4 тоннагача узум йиғиб олар ва йиллик даромадлари 15-20 млн. сўмни ташкил этарди. 68 та хонадонга қуриб берилган 1 км. узум сўритоклари натижасида қўшимча 60 тонна ҳосил йиғиш имкони яратилди. Ҳар кг. узум ўртача 3 минг сўмдан сотилганида ҳам ҳар бир хонадон қўшимча 15 млн. сўм даромад манбаига эга бўлди.

Сектор ҳудудида мактаб битирувчиларини мактабдан кейинги таълим босқичига жалб қилиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун шароит яратиш, ҳар томонлама-қўллаб қувватлашга ҳам кенг шароитлар яратилмоқда. Масалан, 2020-2021 ўқув йилини тамомлаган 11-синф битирувчиларидан тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 21 нафар йигит-қизларга 178.8 млн сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Ҳудудда “Аёллар дафтари”дан ўрин олган хотин-қизларни фойдали ижтимоий меҳнатга жалб қилиш масаласи ҳам устувордир. Қувонарлиси шундаки, ўзбек аёллари ҳеч бўлмаганда битта ҳунар эгасидирлар. Ана шу ҳунарни ишга солиш учун эса табиийки, маблағ керак. Ўзидан ортиниб, даромадга ошинмаган опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш натижасида уларнинг аксарияти даромад манбаига эга бўлдилар. Ана шулардан бири Токзор МФЙда истиқомат қилувчи Р. Абдураҳмоновага 5 млн сўм миқдоридаги кредит маблағининг ажратилиши натижасида кўрпа-тўшак қавиб сотиш имкони яратилди. Уйдан чиқмаган ҳолда ҳунармандчиликни бу тури орқали даромад топаётган аёл бошқаларга ҳам ибрат бўляпти.
Бу каби муаммоларни ўз вақтида бартараф этишда сектор масъуллари томонидан ўтказилган Сайёр қабулларнинг ҳам аҳамияти катта бўлмоқда. Уларда аҳоли ўзини қийнаб келаётган муаммоларга ижобий ечим сўраш билан бир қаторда амалий кўмакка эҳтиёжманд эканликларини ҳам маълум қилмоқдалар. Мурожаатлар ижобатига ижобий ёндошиш туфайли 305 нафар фуқарога тадбиркорлик фаолиятларини йўлга солишлари учун 2 млрд 872 млн сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилди.

Инсон бахтли яшаши учун кўп нарса керак эмас, бироқ ана шу бармоқ билан санарли сабаблардан бирортаси мукаммал бўлмаса кўплаб муаммоларни юзага келтириши мумкин. Шунинг учун ҳудудда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида барча соҳаларда олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган йўл, электр энергияси, тоза ичимлик суви, табиий газ, таълим, транспорт, тиббий хизмат масалаларидаги муаммолари ҳам жадаллик билан ижобий ечим топмоқда. Бу эса халқимизни бугунидан рози бўлиб яшашларига сабаб бўляпти.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг