Халқаро олимпиадада андижонлик талабалар олтин медални қўлга киритишди
Фото: “Халқ сўзи”
Бишкек шаҳридаги Халқаро тиббиёт мактабида халқаро талабалар олимпиадаси бўлиб ўтди. Унда анатомия, клиник анатомия, гистология ҳамда патологик анатомия йўналишлари бўйича талабаларнинг назарий билимлари синовдан ўтказилди.
— Турли давлатлардан ташриф буюрган 11 та жамоа аъзолари мавзуга доир билимларини рус ва инглиз тилларида ифода этдилар,—дейди Андижон давлат тиббиёт институти матбуот хизмати раҳбари Ойжамол Раҳмонова. –Улар орасида энг фаол иштирок этган институтимиз вакиллари алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, ушбу тадбир институтлараро тажриба алмашиш вазифасини ҳам ўтади, десак муболаға бўлмайди.
Қувонарлиси шундаки, халқаро олимпиадада андижонлик талабалар биринчи ўринни эгаллаб, олтин медаль билан тақдирландилар.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг