Халқаро биологик хилма-хиллик кунига бағишлаб болалар ўртасида “Биохилма-хиллик экспресси” тадбири бўлиб ўтди
22 май – Халқаро биологик хилма-хиллик кунига бағишлаб болалар ўртасида “Биохилма-хиллик экспресси” тадбири бўлиб ўтди.
Табиат ресурслари вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Глобал экология жамғармаси, “Замин” фонди, БМТ Тараққиёт дастури ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирда 110 нафар экофаол ёшлар (90 нафари 15-17 ёшдаги мактаб ўқувчилари)ўртасида экологик билимлар танлови ташкил этилди.
Тадбирда иштирокчилар жамоаларга бўлинган ҳолда беллашишди. Мусобақа тақдимот ва савол-жавоблар тарзида ўтказилди.
Тадбир давомида, шунингдек, ёш экофаоллар ҳамда мутахассислар ўртасида табиат, экологияни муҳофаза қилиш борасида ўзаро суҳбат ўтказилди. Унда Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этиб, ўқувчилар билан бугунги экологик вазият, табиат ресурсларидан унумли фойдаланиш ва бошда муҳим мавзуларда суҳбатлашди.
“Бугун ёшларимизнинг табиатга бефарқ эмаслиги қувонарли, албатта, – деди вазир. – Келажак авлодга ўзимиздан яшил дунёни қолдиришимиз керак. Бу эса биринчи навбатда сиз ёшларнинг экологик масъулиятингиз, билимингиз ва жонкуярлигингизга боғлиқ. Бугунги тадбирда ёшларимизнинг экологик маданияти ўсиб бораётганига яна бир марта амин бўлдим”.
Таъкидлаш жоизки, тадбирда иштирок этган БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Матилда Димовска ҳам ўқувчиларнинг экологик билимлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун қайғуришларини алоҳида эътироф этди. Матилда хоним ёшларга келгусидаги фаолиятларида муваффақиятлар тилади.
Тадбир сўнггида танлов ғолибларига ва ҳар бир иштирокчига совғалар топширилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг