Халқ таълими вазирлиги диққатига: Мактаб ўқув биноси қурилган, аммо жиҳози йўқ

17:58 03 Март 2020 Жамият
2544 0

Аслида, биз сўз юритмоқчи бўлган муаммоли мавзу бўйича Халқ таълими вазирини бевосита айбдор дейиш фикридан йироқмиз. Аммо, қуйи тизимда ҳал бўлмаётган айрим масалалар борки, унинг учун ҳам жавобгарлик тизим раҳбарининг бўйнига юк бўлиб осилади. Гапнинг индаллосига ўтиб қўя қолайлик. Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги “Мустақилликнинг 10 йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси томонидан йўлланган мурожаатда ушбу ҳудудда қурилган мактаб биноси ўқув йилининг учинчи чораги ўтиб бораётган бўлса-да,фойдаланишга топширилмаётгани ҳақида шикоят қилинган. Мактаб қурилган бўлса, ишга тушириш ҳам бир гап бўлар, деган мулоҳаза кўнглингиздан ўтгандир эҳтимол? Келинг, ҳаммаси ҳақида батафсилроқ тўхталсак.

“Мустақилликнинг 10 йиллиги” маҳалласи номидан ҳам маълумки, янги маҳалла. Ушбу ҳудуд одамлари ўз фарзандларининг шинам ўқув хоналарида таҳсил олишларини истайдилар ва улар бунга тўла ҳақлидирлар. Маҳалла ҳудудида 266 нафар мактаб ёшидаги болалари бўлиб,1-4 синф ўқувчилари эски дала шийпонида, 5-11 синф ўқувчилари 7-10 километр узоқликда жойлашган 13-мактабга қатнаб ўқиётир. Шу боис, 2018 йилнинг 28 февраль куни ҳудуд аҳолиси ўша пайтдаги вилоят ҳокими томонидан ўтказилган сайёр қабулда бу бўйича мурожаат билан чиқишди. Масалага ижобий ёндашиб, янги мактаб қуриб берилиши маълум қилинди. Қисқа вақтда бу борада амалий ҳаракатлар ҳам бошланди. 2019 йил февраль ойида эски дала шийпонида жойлашган мактаб филиали ўрнига 80 ўринли янги бино қурилиши бўйича лойиҳалаш ишлари якунланди. Бундан норози бўлган аҳоли истаги яна инобатга олиниб, 210 ўқувчи ўрнига эга иншоот қуришга қарор қилинди. Қурилиш ишларини бажариш “Бунёдкор сайқали” хусусий корхонасига томонидан амалга оширилди.

- Белгиланган қурилиш, ободонлаштириш ишлари тўлиқ бажарилмай қолган. Бунга бюджет тақчиллиги сабаб қилиб кўрсатиляпти. Майли, бунга ён берсак-да, қурилиш ишлари тўлиқ охирига етишини талаб қилиб келмоқдамиз. Нима учундир, қуриб битказилган ўқув биноси зарур ўқув жиҳозлари билан таъминланмаяпти. Янги ўқув биноси турганда, фарзандларимизнинг эски шийпонда ўқишини истамаймиз, албатта, — дейди шу маҳаллада яшовчи Шерали Бобоқулов.

Шу ўринда баъзи мулоҳазалар кўнгилдан ўтади. Айрим ҳудудларда янги мактаб қурилишига эҳтиёж туғилса-да, маблағ йўқлиги сабаб, муаммога ҳа деганда ечим топилмайди. Аммо. Лекин. Бироқ ўқув йилининг 3-чораги якунланаётган бўлса ҳам,  янги ўқув биносини жиҳозлаш, бу ерда таҳсилни бошлаш – масаланинг ечими учун амалий қадам эмасми? Бу мавзунинг халқ таълими вазирлигига билвосита тааллуқли жойи ана шунда. Қолаверса, маҳаллий ҳокимлик бу масалага масъул сифатида жиддий ёндашмоғи лозим.

Аҳоли ўз мурожаатида баён этишича, мактаб ҳудуди белгиланмаган, атрофи тўсиқ билан ўралмаган. Мактаб стадиони йўқ, электр энергияси учун трансформатор ҳамда ичимлик суви мавжуд эмас, иситиш тизими тўлиқ ўрнатилмаган. Мактабга борадиган йўл носоз.

“2020 йил Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниб, Президентимиз томонидан ёшлар келажагига катта эътибор қаратилаётган бир пайтда мутасаддиларнинг ушбу мактаб фаолиятига бепарволиги аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир.

Илҳом Раҳматов, “Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер