Халқ таълими тизимида Андижон вилояти молиявий ўғирлик ҳолатлари бўйича юқори ҳисобланмоқда

02:53 26 Февраль 2022 Жамият
1508 0

Фото: Архив сурат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Халқ таълими вазирлиги Ички аудит хизмати фаолиятининг йиллик натижалари сарҳисоб қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

2021 йилда таълим муассасаларининг харажатлар сметаси ҳамда штатлар жадвалига мувофиқ режалаштирилган маблағлардан 143 миллиард сўми мақбуллаштирилган. 2022 йилнинг 15 февралга қадар вазирлик томонидан мазкур йўналишда амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида 142 миллиард сўмлик маблағлар мақбуллаштирилиб, бугунги кунда ушбу ишлар Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорат департаменти билан биргаликда давом эттирилмоқда.

Шунингдек, «Халқ таълими тизимидаги муассасаларни бошқариш бўйича ягона электрон дастурий мажмуа – erp.maktab.uz” ахборот тизими ишлаб чиқилди. Мазкур тизимда мактаблар, улардаги ўқитувчи ва ўқувчиларга тегишли бўлган барча кўрсаткичлар киритилиши ҳамда уларга тегишли маълумотларни инсон омилини чеклаш учун бошқа тизимдаги маълумотлар базалари билан интеграциялаш назарда тутилган. Бундан ташқари, тизимда амалга оширилаётган давлат харидлари мониторингини олиб бориш бўйича электрон дастур ишлаб чиқилди.

Анжуман давомида молиявий хато, камчилик, ўғирликлар ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, 2021 йил давомида тизим таълим муассасаларида 91,1 миллиард сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 27,1 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилганлиги аниқланди.

Ҳисоб палатаси бошчилигида ўтган йили Андижон вилояти Андижон шаҳрида ўтказилган текширишда ходимларнинг даромад солиғини Давлат бюджетига ўтказмасдан, тизимда ишламайдиган бегона шахсларнинг пластик карталарига ўтказиш орқали 11,5 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилганлиги аниқланган.

Эътиборли жиҳати 2020 йилда вазирлик томонидан Андижон шаҳрида 28,4 миллиард сўм маблағ нақд пул маблағларини кассага кирим қилмасдан ва ишламайдиган ходимларга тўлаш орқали ўзлаштирилганлиги аниқланиб, ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган эди.

Вазирлик масъулларини берган маълумотига кўра, таркибида жиноят аломатлари бўлган 161 та 76 миллиард сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер