Халқ қаҳрамони Маҳмуд Торобий қалъасига муносабат шуми?
Аввало, Маҳмуд Торобий ҳақида маълумот.У элакчи – косиб, шайх бўлган.Бухоро шаҳридан 20 километрча олисда жойлашган Тороб қишлоғида яшаган.Жондор туманига қарашли ушбу гўша мўғул босқинчилари зулмига қарши кураш марказига айланган, десак, асло муболаға қилмаймиз.Негаки, ХIII асрнинг долғали йилларида мўғуллар истибдоди ва зулмига қарши маҳаллий аҳоли томонидан тез – тез қўзғолон кўтариларди.Юртни озод ва обод кўриш истаги Маҳмуд Торобийдек элпарвар инсонларнинг асосий маслаги эди.
Манбаларда айтилишича, 1238 йилда шу ҳамда ён-атрофдаги қишлоқларнинг деҳқон ва косиблари ўзаро маслаҳатлашиб, юрт босқинчиларига қарши очиқ курашга киришадилар.Қўзғолончилар Маҳмуд Торобий бошчилигида Бухорога юриш қилиб, шаҳарни эгаллашади. Малик Санжар қасрини ўзларига қароргоҳ қилишади.
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси 5 – томида ёзилишича, шаҳар бутунлай қўзғолончилар қўлига ўтган ва Маҳмуд Торобий султон қилиб кўтарилган.Озодлик курашчиларининг маънавий пири Шамсуддин Маҳбубий эса шаҳар садри этиб тайинланган.
Бу орада Карманага чекинган мўғуллар шошилинч тарзда куч тўплайдилар ва қўзғолонни бостириш мақсадида Бухорога юриш қилишади.Аммо қора ниятларига ета олишмайди.Чунки юрагида ватанпарварлик туйғуси жўш урган Торобий бошлиқ қўзғолончилар уларни Бухоро яқинидаги жангда тор – мор этишади.Мўғуллар ортидан қувиб Карманагача боришади.Афсуски, бу ерда бўлиб ўтган жангда халқ қаҳрамони Маҳмуд Торобий ва Шамсуддин Маҳбубий мардларча ҳалок бўлишади.Йўлбошчисиз қолган қўзғолончилар эса мағлубиятга учрайдилар.Шунга қарамай, қўзғолон изсиз кетмайди.Босқинчилар ўт билан ўйнашганликларини англаб етадилар,маҳаллий аҳоли билан ҳисоблашишга мажбур бўладилар.
Биз юқорида қисқача ҳикоя қилганимиз Маҳмуд Торобийнинг жасорати довюрак ва жасур аёл подшоҳ Тўмарис, эрк учун курашчи, халқпарвар чўпон йигит Широқ, халқ қаҳрамонлари Муқанна, Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубролар қаторида туради.Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Жувайнийнинг “Жаҳонгир Чингиз тарихи”, Шарофиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асарларини қўлга олишнинг ўзи кифоя.Ойбекнинг “Маҳмуд Торобий” достони, Асад Дилмуроднинг шу номдаги тарихий романида ҳам ўша суронли йиллар воқеалари қаламга олинган.

Шу ўринда халқимизнинг асл фарзанди, юрт озодлиги йўлида эрта шаҳид кетган жондорлик буюк аждодимиз яшаган қадимий гўша қандай аҳволда, деган савол туғилади.Тепаликда жойлашган бу қалъа юмшоқ қилиб айтганда, жуда абгор ҳолатда.Унинг деворлари қаровсизлик ва ташқи таъсирлар оқибатида нураб қолган.Қалъанинг қуйи қисми қабристон вазифасини ўтаяпти.Тепаликда барпо қилинган Маҳмуд Торобийнинг рамзий қабри ва чуқурлиги чамаси 20 метр бўлган қудуққина мозийнинг суронли йилларидан дарак бериб турибди. Лойшувоқдан қилинган даҳманинг аҳволига боқиб кишининг кўнгли қабр каби чўкиб кетади.Наҳотки, халқ қаҳрамонининг хотирасига бўлган ҳурмат шундай бўлса, дея изтироб чекасан, киши.

Қалъага кириш қисмда дарвоза ўрнатилмаган.Маҳмуд Торобий шахси, унинг жасорати, халққа раҳнамолиги ҳақида бирор бир маълумотни учратмадик.Қалъага киравериш деворида ўрнатилган “Маҳмуд Торобий 1238 йилда мўғуллар босқинчиларига қарши халқ қўзғолонига бошчилик қилган халқ қаҳрамони” ёзуви туширилган лавҳанинг аҳволи ҳам бу тарихий гўшага бўлган муносабат қандайлигини кўрсатиб турибди.
Аммо энг ачинарлиси ҳали олдинда.Яқинда туман “Деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамиятига қарашли мол бозори қалъанинг шундоқ ёнига кўчириб келтирилди.Ваҳоланки, туман маркази атрофида бўш ва ташландиқ ётган ер истаганча топилади.Якшанба яъни бозор бўладиган кунда қалъа бўйлаб ўтган йўл ёқасидаги аҳволни айтмай қўя қолайлик.

-Кўп йиллардан буён укам билан шу қалъада қоровуллик қиламиз,-дейди ўзини Шавкат Тўев деб таништирган фуқаро.- Айниқса, бозор кунлари бизга қийин бўлади.Негаки, қалъа ичкариси бозорга келиб – кетувчиларнинг автоуловлари билан тўлиб кетади.Муқаддас жойни ифлослантиришдай жирканч ишни қилувчилар ҳам учрайди...
Чиндан ҳам аҳвол ачинарли.Қалъага атайин якшанба куни бориб бунга ишонч ҳосил қилдик.
Дарвоқе, биз ушбу қалъанинг тақдирига оид бир неча савол билан вилоят Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Ш. Маҳмудов ва туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари С. Шомуродовга қўнғироқ орқали мурожаат қилдик.Аммо орадан бир ҳафта ўтди ҳамки, жўяли бир жавоб олганимиз йўқ.

-Бу қалъани муҳофаза этиш, таъмирлаш, қайта тиклаш, имкон қадар асл кўринишига келтиришга алоҳида эътибор қаратмоқ лозим,- дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси туман Кенгаши раиси И. Холов.- “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 9 – моддасида “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари доирасида ўз ҳудудларида жойлашган маданий мерос объектларини аниқлайдилар ҳамда уларни ҳисобга оладилар, муҳофаза қиладилар, асрайдилар ва улардан фойдаланадилар, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлайдилар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмаларини маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш тадбирларини ўтказишга жалб қиладилар” деб белгилаб қўйилган...

Фикримизча, бу тарихий қалъа археологлар ва тарихчилар томонидан чуқур ўрганилиши, чинакамига давлат муҳофазасига олиниши, сайёҳлик манзилига киритилиши, мол бозори эса бошқа жойга кўчирилиши даркор.Гўшада катта ҳажмдаги ободончилик, таъмирлаш ишларини бажариш зарур бўлади.Бу катта маблағни ҳам талаб қилади, албатта.Лекин юрт озодлиги учун жонини фидо этган, тарихда халқ қаҳрамони сифатида қолган буюк аждодимиз Маҳмуд Торобий ҳар қандай эъзозга лойиқдир.
Бу тарихий қалъанинг сайёҳлар қадами узилмайдиган, фарзандларимизга она – Ватан, ҳурлик, эрк, халқпарварлик мавзуида сабоқ ўтиладиган масканга айланганига нима етсин!
Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири
Сафар АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг