Халқ қабулхонаси: мурожаатдан — даромадгача
Инсон ҳаёти меҳнат билан мазмунли. Айни шу омил боис одамзот тўкис ҳаётга, бахт-саодатга, комилликка интилади. Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида Президент Халқ қабулхоналарининг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш фаолияти ҳам айни шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида биргина Фарғона вилоятида қисқа вақтда янги иш ўринлари яратилди.
Хусусан, Президент маслаҳатчиси ўринбосари — Халқ қабулхонаси раҳбари У.Муҳаммадиев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Тошлоқ, Фарғона туманлари, Қўқон ва Фарғона шаҳарларидаги 200 дан зиёд мурожаатчиларга тикув машиналари, пишириқ пишириш печлари, мотокультиватор ҳамда бошқа иш анжомлари олиб берилди. Мазкур янги механизм билан, аввало, моддий ёрдам сўраб мурожаат қилаётган бу инсонларнинг даромад топиб, рўзғорини бутлаши учун имконият, шароит, тизим яратиб берилаётгани эътиборга лойиқ.
Мисол учун, Тошлоқнинг Қумариқ маҳалласидан ҳам тўрт аёл бугун тикув машиналари олиб, маҳалладоши Маҳбуба Назарова билан кооперация ташкил қилиб иш бошлади. Беш йиллик тажрибага эга тадбиркор Маҳбубахоннинг айтишича, ишлаган чевар шу чекка қишлоқда туриб ойига 3-4 миллион сўм бемалол даромад қила олади.
Қўқон шаҳрида эса Президент Халқ қабулхонасига моддий ёрдам масаласида келиб тушган мурожаатлар таҳлилидан сўнг 110 дан зиёд хотин-қизлар уй шароитида ишлаб даромад топиш имконига эга бўлди.
Саодат маҳалласида яшовчи Гулчеҳрахон ҳам ўз тикув машинаси билан қўшни Афғонбоғ маҳалласидаги тадбиркор аёлнинг оилавий «Виқор қалби» тикувчилик корхонасига кооперация асосида иш бошлади.
Президент Халқ қабулхонасининг дастлабки босқичида оғир шароитдаги мурожаатчиларни кооперация асосида ишлаб даромад топишига имконият яратилса, кейинчалик улар орасидан тадбиркорликка қобилияти борларига ўз оилавий корхонасини ташкил қилиши, фаолиятини кенгайтиришига ҳам ёрдам берилади.
Умуман олганда, халқ билан мулоқотнинг янги тизими ушбу самарали механизм асосида босқичма-босқич кенгайтириб борилади.
Робия БАХТИЁРОВА,
ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетининг 3-босқич талабаси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг