Халқ конституцияси билан халқчил давлат сари

09:03 11 Апрель 2023 Жамият
653 0

Кеча пойтахтимизда Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан «Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари!» мавзуида республика конференцияси ўтказилди.

Унда 130 нафардан зиёд таниқли олимлар, зиёлилар, профессор-ўқитувчилар, шоир ва ёзувчилар, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Мазкур анжумандан кўзланган асосий мақсад, янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни бирлаштириш, Бош қомусимизга киритилаётган асосий ўзгартиришлар, халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат сифатида Ўзбекистон «суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат» эканлиги алоҳида бегиланаётганлигини аҳолига халқчил тарзда етказиш ва бу борада жамоат ташкилотлари, илмий доиралар вакиллари ва зиёлиларнинг фаоллигини оширишдан иборат.

Анжуманда янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги, алоҳида таъкидланди. Хусусан умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги, таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олганлиги қайд этилди. Шу маънода янгиланаётган Конституция том маънода халқ Конституцияси бўлаётганлиги эътироф этилди.

Маълумки, Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда. Йиғилишда Конституцияга киритилаётган асосий ўзгаришларнинг ҳар бири бўйича алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтилди, фикр алмашилди.

Жумладан, конференция кун тартибига кўра, «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси – янги маънавий маконни яратиш истиқболлари», «Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидаги устувор йўналишлар ҳамда «2023 йил – «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»даги вазифалар», «Миллий ўзликни англашда Қомусимиз тарихи ва янгиланаётган Конституциямизда инсон ҳуқуқларининг ўрни» , «Таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти янада кенгайтирилиб, ўқитувчиларнинг конституциявий мақоми мустаҳкамлонмоқда», «Янгиланаётган Конституция ва унинг тарғиботи: замонавий ёндашувлар зарурати» каби мавзулар ўрин олган.

Анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тарихига оид ҳужжатлар кўргазмаси намойиши, Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан Меморандумлар имзолаш ҳамда «Маърифат» тарғиботчилар жамиятининг ёш аъзоларига гувоҳнома ва аъзолик нишонлари топшириш маросимлари бўлиб ўтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер