Хайрли ишлар самараси
Бугун диёримизда ҳар бир фуқаро диний бағрикенглик, виждон эркинлиги тамойилларига амал қилган ҳолда эмин-эркин яшамоқда.

Масжидларимизда яратилган шароитлар, диний ўқув муассасаларидаги таълим сифатидан кўнгиллар чароғон. Юртдошларимизнинг ҳар йили Ҳаж ва Умра ибодатини адо этишлари учун кенг имконият эшиклари очилган. Жойларда бўлиб ўтаётган Қуръон мусобақаси эса бу борадаги хайрли ишларнинг яна бир мисолидир. Айни пайтда танловнинг вилоятлар босқичлари давом этмоқда.
Жорий йилнинг 1 — 3 февраль кунлари Андижон вилоятининг барча шаҳар ва туманидаги масжидларда Қуръон мусобақаларининг ҳудудий босқичлари ўтказилган бўлиб, унда 1200 га яқин қори ва қориялар қатнашди. Ҳифз ҳамда Тиловат йўналишларида ўз билим ва иқтидорларини намоён этиб, беллашув ғолибига айланган 44 нафар қатнашчининг вилоят босқичидаги иштироки ҳам кўтаринки руҳда кечди.
— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилаётган ушбу тадбирдан кўзланган мақсад Қуръон оятларини юртдошларимизга эшиттириш, унинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат, — дейди мусобақа ташкилий қўмитаси раиси Абдулҳаким Матқулов. — Унинг якуний босқичида фахрли ўринларни қўлга киритганларни ота-оналари билан биргаликда Умра зиёратларига юбориш кўзда тутилган. Буларнинг барчаси эзгулик, хайрли амаллар ифодасидир.
18 ёшдан 40 ёшгача бўлган қатнашчилар мусобақа жараёнида шартларга амал қилган ҳолда, Қуръон тиловати орқали диний билим ва тушунчаларини ифода этдилар. Ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиб, деб топилган иштирокчилар мусобақанинг вилоят босқичига йўлланма олди. Шу билан бирга, биринчи ўрин соҳибларига Андижондаги ўрта махсус ислом билим юртига имтиҳонсиз қабул қилиш имтиёзи берилди.
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг