Келажакни ўйлаб

10:58 26 Ноябрь 2018 Жамият
2440 0

Иллюстратив фото

Ёшим 82 да. Бу ёшда аллақачон қалам ва қоғоз йиғиштирилган бўлади.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ишларига ўз ғайрати ва шижоати билан, яшиндек шиддат билан кириб келгани қалбимизни уйғотиб юборди. Каминада кўпдан бери туғилиб турган тугунни ечиб юборди.

Лоқайд ва бепарво бўлолмаганим сабабли бир-бирига чамбарчас боғлиқ масала кишини ташвишга солади. У ҳам бўлса, авваллари қабул қилинган икки қонунларнинг бажарилиши – ўзбек тилига давлат мақоми берилиши ва лотин алифбосига ўтиш ҳақидаги қонунлардир.

Давлат тилига тўлиқ ўтиш муддати уч марта сурилиб, ҳанузгача тўлиқ ўтилгани йўқ. Буни тан олишимиз керак. Ёзишмалар ҳам рус, ҳам ўзбек тилларида давом этмоқда. Лотин алифбосига ўтиш учун уни обдон ўрганиб, ўзлаштиришимиз зарур, шунинг учун у ўртада ғов бўлиб турибди. Агар қарор кирилл алифбоси билан бирор санани белгилаб лотинга ўтилсин дейилса, кўпчилик бир зумда чаласавод бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Китоблар чоп этилмоқда, лекин уларнинг ўқувчилари, минг надоматлар бўлсин, ҳозирча йўқдек. Газета ва журналларимиз хатоларга “бой” бўлиши мумкин. Чунки лотин алифбосининг қоидалари ўзбек тилида шуни тақозо қилади. Жойларда, айниқса савдо дўконларида, ёзилганларини кўриб, дилингиз ранжийди.

Лекин бир ҳолатдан кўнгил таскин топади. 1990 йилда туғилган болаларимиз ва невараларимиз 1997 йилда биринчи синфга бориб, лотин алифбосида ўқиш ва ёзишни бошлаб бердилар. Ҳозир улар бийрон ўқиб ёзадилару, уни ҳаётга татбиқ этиш масаласига якдиллик билан киришилмаганлиги сабабли, улар айрим холларда ноқулай аҳволга тушиб қолишлари ачинарли бир ҳол. Бир неча сатрли ариза, хат ёки таржимаи холни кирилл ёзувидаю давлат тилида ёзиш керак бўлиб қолса, 15-20 ёшдаги йигит-қизларимизнинг айримлари лотин ва кирилл алифболарини аралаштириб, чалкаштириб юборадилар. Шу йигит ва қизлар яқин 10 йил ичида ҳукумат ва давлат идораларига ишга келадилар, у ерда улар барча ҳужжатларни давлат тилида лотин алифбосида тайёрлашлари зарур бўлади. Давлат тилига тўлиқ ўтганимизча йўқ. Барча идораларда махсус таржимонлар мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас. Бундан воз кечиш вақти келди. Мустақил бўлишни ўрганайлик.

Аслида бу фикримни Президент порталига диктант шаклида юборсам бўларди. Кўнглим тўлмади. Газета саҳифасида, айнан “Халқ сўзи” фаоллигида кўтарилса, акс-садо бериб, бирор ечимга келинади. Энди “тугунлар” очилиб кетди, газеталар мазмуни анча ўзгарганлигини ўқувчилари сезишди. Халқ билан мулоқот тугагани йўқ, тугамайди ҳам. Янгича қулай шаклини таклиф қилишди. Халқ мамнун, менимча. Телевидениеда шу масалада давра суҳбати ўтказиб, лотин алифбоси “бўлсин” ёки “бўлмасин” деган жавобни аҳолимиз турли табақасининг фикрини ҳал қилувчи куч сифатида олинса, ҳукумат қарор қабул қилишига сабаб бўлади ва масала ўз ечимини топади.

Назаримда лотин алифбосига ўтишни ҳали ҳаммамиз тўлалигича ҳис этмадик. Ёзувларда грамматик хатоликлар бўлиши мумкин. Масалан, “е” ҳарфининг янги имлода берилиши сўзнинг боши ва унли товушдан кейин икки товушни, яъни ye -ни (елим, елка, елкан) икки ундош ўртасида эса, э – товушини (кел, кет, кетмон) билдиради. У фарқланмаса чалкашиб кетади (ер – эр, ел – эл, ем – эм, енг – энг, еди - эди).

Лотинча S – ҳарфи янги алифбода С, ўзлаштирилган сўзларда (офицер, официант, сценарий) Ц – ҳарфини ифодалайди. Унли товушдан кейин ва сўз бошида келса ts , бошқа холларда келса S ҳарфи шаклида ёзилади. Масалан, (militsiya, aviatsiya, ofitser, kontsert. Lektsiya, tsex, stsenariy)

Лотин алифбосида хат-саводли бўлиши учун 120 соат дарс олиш керак экан.

Кези келганда айтиш жоизки, мустабид даврида ҳам арманлар ўз ёзувида, грузин халқи ўз ёзувида, молдаванлар ўз ёзувида қолган эканлар. Озарбайжон, туркман, тожик, қозоқ халқлари ўз ёзувларини бирор марта ўзгартирмаганлар. Биз эса, 1929 йилда араб алифбосидан лотин ёзувига биринчи марта ўтганимизда, келажагимизни ва қадриятимизни ўйлаган академик Қори Ниёзий афсусланган экан.

Кўп вақт ўтмай, яна кўникувчан ўзбек халқини 1938 йилда кирилл алифбосига ўтказилган эди. Энди иккинчи марта лотин алифбосига ўтишга ўтиб, яқин 30 йилдан бери уни тўлиқ ўзлаштирмай жаҳон цивилизациясига ва коммуникациясига ўйлаганимиздек яқин бўлдикми?

Шунинг учун газета саҳифасида акс-садо бериб, 30 ёшдан ошган, нафақа ёшида ишлаб турган журналистлар очиқ мулоқотга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини айтсалар яхши бўларди.

Шунингдек тилшунос олимларимиз ҳам бу борада ўзларининг якуний фикрларини билдириши керак.

Давлатимиз Президенти бир ярим йилда 1600 дан зиёд Қонун, фармон ва қарорларга имзо чекиб, мисли кўрилмаган ислоҳотлар қилиб, деярли барча соҳаларда ўзгариш қилди. Анча йиллардан бери тўлиқ бажарилиши муаммо бўлиб турган икки қонунга ечим берса ёки бекор қилса, ажаб эмас.

Эркин ИБРОҲИМОВ, меҳнат фахрийси.
Тошкент шаҳри

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер