Келажагимиз — боғчада
Фото: «Халқ сўзи»
Навоий вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Тадбир аввалида бошқарма бошлиғи журналистларга соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда уларнинг самаралари хусусида маълумот берди.
Сўнгги йилларда мактабгача таълим давлат таълим тизимининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, ҳар бир бола учун мактабгача таълим ва тарбия олиш имкониятини яратиш, болада илмга иштиёқни ошириш, жисмоний ва ақлий фаолиятини ривожлантиришда тенгликни таъминлаш ишларига миллий тараққиётимизнинг устувор омили сифатида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Навоий вилоятида 2017-2021 йилларда соҳада қамров жиҳатидан мисли кўрилмаган натижаларга эришилганини кузатиш мумкин. Мисол учун, вилоятда давлат ва нодавлат МТТлари сони 2017 йилда бор- йўғи 132 та, қамров эса 34,1 фоизни ташкил этган бўлса, бугунга келиб 1069 та МТТда боғча ёшидаги болаларнинг 83,1 фоизи таълим-тарбия олмоқда.
— Вилоятда биргина жорий йилнинг ўзида Инвестиция дастури асосида 7 та давлат МТТни янгидан қуриш ва реконструкция қилиш учун 26,8 млрд. сўм маблағ йўналтирилди, — дейди Навоий вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ўткир Тиллаев. — Натижада 540 ўринга эга қўшимча қувват яратилди. Сўнгги тўрт йилда МТТга бўлаётган навбатларни қисқартириш, мазкур йўналишдаги тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиш чора-тадбирлари туфайли бу йил 10 та давлат-хусусий шериклик асосида МТТ фойдаланишга топширилиб, йани дамда уларда 1360 нафар ўғил-қиз замонавий шарт-шароитларда таълим-тарбия олмоқда. 214 та оилавий МТТ ташкил этилиши эса чекка ва олис ҳудудлардаги 5 минг 350 нафар боғча ёшидаги болаларни қамраб олиш имконини берди.
Соҳада болаларни соғлом овқатлантириш ва уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини таъминлаш мақсадида аутсорсинг тизими йўлга қўйилди. Тизимнинг афзаллиги МТТларини арзон нархларда сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш орқали тарбияланувчиларнинг соғлом овқатлантириш механизмининг яратилганидадир.
Бугунги кунда вилоятда 12 та МТТ мазкур тизим асосида аутсорсинг корхоналари томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланяпти. Ҳозирда аутсорсинг корхоналари ўртасида танловлар ўтказилиб, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб ушбу тизим орқали озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланадиган МТТ сонини 60 тага етказиш режалаштирилмоқда. Аутсорсинг корхонаси томонидан хизмат кўрсатилиши нафақат болаларни соғлом овқатлантиришни кафолатлайди, балки ташкилот раҳбар-ходимларининг таълим-тарбия ишларига кўпроқ вақт ажратишида ҳам самарали ечим саналади.
Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Навбаҳор туманидаги бир қатор МТТга ташриф буюришиб, амалга оширилган ислоҳотлар самараларини ўз кўзалари билан кўрдилар. Чунончи, давлат-хусусий шериклик асосидаги “Навбаҳор юлдузчалари” МТТ 2020 йил декабр ойида қурилиб, фойдаланишга топширилган. 120 ўринга мўлжалланган муассасада 20 нафар малакали мутахассис томонидан тарбияланувчиларга 5 та гуруҳда ментал арифметика, инглиз тили, шахмат, бадиий гимнастика каби тўгаракларда қўшимча машғулотлар ташкил этилган.
— Болалар туманимизнинг Бешработ, Янгиҳаёт, Янгийўл каби 7 та маҳалласидан келади, — дейди муассаса директори Муҳиба Ҳакимова. — Ота-оналар ва болалар учун қулайлик яратиш мақсадида автобус йўлга қўйиб, тарбияланувчиларни уйдан олиб келиб, олиб бориб қўйишни ташкил этганмиз.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, туманда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраш 2017 йилда 12,9 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб ушбу кўрсаткич 73,8 фоизга етказилган. Туманда 14 та давлат, 12 та ДХШ асосидаги ва 81 та оилавий МТТ фаолият кўрсатмоқда. Жорий йил якуни билан қамровни 83 фоизга етказиш назарда тутилмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари, шунингдек, тумандаги 3- ва 7-сонли давлат ҳамда “Янги авлод болалари” оилавий МТТ ларида бўлиб, мактабгача таълим-тарбиянинг давлат ва муқобил кўринишлардаги шарт-шароитларини солиштириш имкониятига эга бўлдилар.
— Мулкчилик шаклидан қатъи назар, ҳар бир МТТ учун битта талаб — давлатнинг мактабгача таълим соҳасидаги ягона сиёсатини таъминлаш вазифаси қўйилган, — дейди МТБ матбуот хизмати раҳбари Ўткир Ўсаров. — Давлат инспекцияси томонидан мазкур вазифа ижроси — мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёни сифати устидан доимий назорат ва мониторинг ишлари олиб борилади.
Чиндан ҳам мактабгача таълим муассасалари сони ошиши, айниқса, қишлоқ жойларда яшайдиган болалар тарбиясида муҳим ҳаётий эҳтиёждир. Боиси мактабгача таълим муассасалари, биринчидан, болаларнинг умумий саводини эрта чиқариш, уларда Ватанни севиш, ғурурланиш ҳиссини уйғотиш билан бирга жамоавий тарзда дунёқарашини кенгайтириш, баҳс ва мулоқот орқали ўз муносабатини белгилаш кўникмаларини шакллантираётган бўлса, иккинчидан, ёш болали оилаларга ҳар томонлама катта мадад бермоқда.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг