Каттақўрғон туманида йирик цемент заводи ишга тушди
Фото: “Халқ сўзи”
Каттақўрғон туманининг Кумушкент маҳалласи ҳудудида фойдаланишга топширилган мазкур корхона ҳудудда ҳаётга татбиқ қилинаётган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг энг йириги саналади.

Замонавий технологиялар асосида ички ва ташқи бозорни сифатли цемент маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида хитойлик инвесторлар иштирокида ташкил этилган завод йилига уч миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.

38,5 гектар ер майдонида жойлашган ушбу заводни барпо этиш учун республикамизнинг банк маблағлари ҳамда 340 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинган. Ишлаб чиқариш дастгоҳлари Хитойдан олиб келиб ўрнатилган.
— Мазкур корхона Хитойнинг 3 та йирик компаниялари билан ҳамкорликда ташкил қилинди, — дейди хитойлик инвестор Гуо Бин. — Корхона қуруқ цемент ишлаб чиқарувчи энг замонавий ва йирик заводлардан бири бўлади. Унинг афзаллиги шундаки, ишлаб чиқариш цехларига замонавий, жуда ҳам тежамкор ускуналар ўрнатилди. Бу эса маҳсулот сифатига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Ўйлайманки, корхонанинг ишга тушиши Ўзбекистон иқтисодиётига янги суръат бағишлайди.
Ушбу лойиҳа бўйича цемент заводининг йиллик экспорт қуввати 82 миллион АҚШ долларни ташкил этиб, Европа ва бошқа хорижий давлатларга йўналтирилади. Завод ишга тушиши натижасида 600 та янги иш ўринлари яратилади ва бу иш ўринларига асосан маҳаллий аҳоли жалб қилинади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, корхона учун хомашёга бой карьер ҳудудга яқин Нуробод туманида жойлашган.
Заводнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, туман ҳокимлиги, завод ходимлари, хитойлик инвесторлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Каттақўрғоннинг бепоён қир адирликларида кўкка бўй чўзган мазкур қудратли ишлаб чиқариш қуввати мамлакатимиз экспорт ҳажмини ошириш, олис ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, асосийси аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг