«Катта чимён» тоғида адашиб қолган фуқаро қутқариб олинди
Тоғда йўлдан адашиб, денгиз сатҳидан тахминан 2000 метр баландликда қолиб кетган фуқарога ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар қилди.
Иссиқ кунлар келиши билан фуқаролар турли дам олиш масканларига, тоғли ҳудудларга ва сув бўйларига ҳордиқ чиқариш мақсадида боришади, аммо бунда айрим кўнгилсиз ҳолатлар ҳам учраб турибди.
Шу каби ҳодисалардан бирида, 25 май куни соат 17:35 да Тошкент вилояти ФВБга Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги «Катта чимён» тоғига икки нафар фуқаро сайр қилиш мақсадида бориб, улардан бири йўлдан адашиб қолиши натижасида тоғдан тушолмай қолганлиги ҳақида хабар берилган.
Хабарга асосан, Чимён ёнғин-қутқарув отрядидан бир гуруҳ қутқарувчилар зудлик билан айтилган манзилга етиб бориб, фуқарони денгиз сатҳидан тахминан 2000 метр баландликдан хавфсиз ҳудудга олиб тушишган.
Бошқа бир ҳолатда эса 19 май куни Бурчмулла қишлоғи ҳудудидаги «Копир тош» тоғига уч нафар фуқаро сайр қилиш мақсадида бориб, улардан бири эҳтиётсизлиги оқибатида тойиб кетиб чап оёғидан жароҳат олиши натижасида тоғда қолиб кетгани тўғрисида вилоят ФВБга хабар қилинган ва фуқаро хавфсиз ҳудудга олиб тушилиб, туман тез тиббий ёрдам ходимларига топширилганди.
Хулоса қилиб айтганда, тоғли ҳудудларга саёҳат қилишдан олдин фуқароларга ҳар доим олдиндан режа тузиш, об-ҳаво шароитини ҳисобга олиш, тажрибали йўлбошчи билан юриш ва керакли анжомлар билан таъминланиш тавсия этилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг