Карантин тартибини бузганлар 5 йилгача қамалиши мумкин
Фото: www.google.com
Коронавирус тарқалган мамлакатлардан келганлар изоляция тартибини бузадиган бўлса, 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бу ҳақда Москва соғлиқни сақлаш департаменти сайтида маълум қилинди, деб хабар бермоқда Би-би-си.
Россияда ўтган сутка давомида коронавирусга чалиниш билан боғлиқ учта ҳолат қайд этилди, деб хабар берган Интерфакс. Россияда ушбу касалликни юқтирганлар сони 17 нафарга етди. Касаллик билан боғлиқ янги ҳолатлар Москва, Калининград ва Белгород вилоятларида рўйхатга олинган.
Маълум қилинишича, Россия ҳукуматининг фармойиши билан, коронавирус инфекцияси атрофдагиларга хавф солувчи касаллик деб белгиланган, санитария-гигиена чораларини бузиш эса Россия жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жазоланишга олиб келади.
“Тартибга риоя қилиниши видеокузатув ёрдамида назорат қилинади, тартибни бузган фуқаро обсерваторга жойлаштирилиши кўзда тутилган“, — дейилади сайтда.
Қайд этилишича, бу қоида туристлар ва Москвада регистрациядан ўтмаганларга ҳам тааллуқли.
Қонунчиликнинг бузилиши жавобгарликка, жумладан, 5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилишга олиб келади.
Сайтда айтилишича, Эрон, Хитой, Жанубий Корея, Италия, Франция, Германия ва Испаниядан келганлар махсус телефон рақамига қўнғироқ қилиш орқали уйдан чиқмасдан тиббий варақа олиши мумкин.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг