Камронбек ва Мадинабонуга янги уй калитлари топширилди
Фото: “Халқ сўзи”
Президентимиз томонидан юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи Камронбек Икромов ҳамда Мадинабону Убайдуллаевалар ҳам ота-оналарининг вафотидан сўнг бувиларининг васийлигига олинган эди.

Шу кунларда бу икки ёшга Марғилон шаҳар ҳокимлиги томонидан барча замонавий қулайликларга эга хонадонлар калитлари тантанали равишда топширилди.
Янги хонадонлар эгаларини қутлаш тадбирида Миллий гвардиянинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси масъуллари, Марғилон шаҳар сектор раҳбарлари ҳамда маҳалла фаоллари, нуронийлар иштирок этди.

— Айни пайтда Фарғона давлат университетида давлат гранти асосида иккинчи босқичда таълим оляпман, —дейди Мадинабону Убайдуллаева. — Ўн саккиз ёшимга қадар бувимнинг қарамоғида яшадим. Бундан буён ўз уйим борлигидан беҳад мамнунман.
Камронбек Икромов эса тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ниятида. Эътибор ва рағбатдан хурсанд бўлган ушбу ёшлар жамиятимиз равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилишга тайёр эканлигини билдиришди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг