Изланган имкон топади

18:50 24 Июнь 2021 Жамият
893 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Муаммолар бор, лекин уларнинг ечими ҳам йўқ эмас. Бор. Бунинг учун самарали иш тизимини йўлга қўйиш ва масъулият билан ишлаш талаб этилади. 
Давлатимиз раҳбари аҳоли муаммолари билан ишлашнинг самарали механизмини яратиб берди. Булардан бири секторлар фаолияти бўлса, иккинчиси, ҳар бир маҳаллалар кесимида юритиладиган махсус — «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари» ва «темир дафтар»дир. 
Бу иш тутумини қўллашнинг ҳам сабаблари бор. Боиси фуқаролар ўзларининг ҳудудларида туриб, сектор раҳбарларига мурожаат қилиши ва  муаммосини бартараф этиши мумкин. Бунинг учун эса ҳар бир ҳудудда секторлар штаби ҳам ташкил қилинган.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»


Биргина Шофиркон туман 2-секторида 11 та маҳалла фуқаролар йиғини бор. Бу маҳаллаларда 43 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Мафтуна Дилмуродова ана шуларнинг бири.
— 2018 йилда мактабни тугатганман, — дейди у. — Ишсиз эдим. Тузукроқ бир иш топилиб қолсаю меҳнат қилиб, уйимиздагиларга кўмаклашсам, қўл-қанот бўлсам, деб ўйлардим. «Ёшлар дафтари»га киритилгач, мушкулим осон бўлди. Туман прокурори раҳбарлигидаги 2-сектор тавсияси билан «Шофикон экваториал текис» масъулияти чекланган жамиятига ишга қабул қилиндим.
Мафтуна шундай замонавий корхонада ишлаётганидан мамнун. Киши ўз ишини севса, иштиёқ билан меҳнат қилса, тузуккина маош олса, имтиёзлардан фойдаланса, орзу-ҳаваслари ушалаётганини ҳис этса бундан зиёд бахт борми?!

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»


Айтмоқчи, биз корхонада 200 нафарга яқин қишлоқ аёллари, қизлари меҳнат қилаётганининг гувоҳи бўлдик. Улар орасида «темир дафтар», «ёшлар дафтари», «аёллар дафтари»да рўйхатга олингач, ишли бўлиб, ҳаётдан ўз ўрнини топганлари анча.
— Ҳудудимизда ёшлар 10477 нафарни ташкил этади, — дейди туман прокурори, 2-сектор раҳбари Аббос Эшмуродов. — Хатловда иштирок этган ёшлар — 8567  нафар. Шундан 726 нафари «ёшлар дафтари» рўйхатига киритилган. 
Таъкидлаш жоизки, халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашининг сессияси қарорига асосан жами 565 нафар йигит-қиз «ёшлар дафтари» рўйхатидан чиқарилди. Чунончи, 122 нафари ишга жойлаштирилди. 250 нафари ўзини ўзи банд қилди. 19 нафарига енгил конструкцияли иссиқхона қуриб берилди. 76 ёшга имтиёзли кредит ажратилишига кўмаклашилди. Айни пайтда эса «ёшлар дафтари»да қолган юз нафардан зиёд йигит-қизларни ишли қилиш юзасидан амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»


— Оилада беш кишимиз, — дейди ўзини Фотима Расулова деб таништирган аёл. — Икки фарзандим бор. Уларнинг келажагини тўкис этиш, рўзғоримиз кам-кўстини тўлдириш учун нимадир қилишим керак, деб юрардим. Маҳалладан келиб, мени «аёллар дафтари» рўйхатига киритишди. Қўлимдан тикувчилик келади. Шуни инобатга олиб, қишлоғимизда очилган «Читгарон чеварлари» цехига ишга қабул қилдилар.
 Туман прокурорининг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан иш бошлаган бу кичик цехга Шаҳодат Сафарова бошчилик қилмоқда. Унинг билдиришича, сектор раҳбарияти томонидан цех учун тикув машиналари, мато харид қилиш учун сармоя ажратилди. Эътиборлиси, бу ерда қуроқдан рўзғорбоп буюмлар тайёрланмоқда. Муҳими, «Аёллар дафтари»да рўйхатда турган 8 киши ишли бўлди, улар қўшимча даромад топишга киришдилар.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»


Читгарон қишлоғида яшовчи Гуландом Раҳмонованинг рўзғорига ҳам аста-секин барака кирмоқда. Гап шундаки, сектор раҳбарияти томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож бу аёлга бир сотихли иссиқхона қуриб берилди. Гуландом опа етиштирган помидор қишлоқдан нари чиқмаяпти. Қўни-қўшнилар келиб бажонидил харид қилишмоқда. Изланган имкон топар, деганлари шу эмасми!?
Маълумотларга қараганда, шу каби амалий ишлар натижасида халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашининг сессияси қарорига асосан 359 нафар киши «аёллар дафтари» рўйхатидан чиқарилди.
— Ҳозирда «аёллар дафтари» рўйхатида қолганлар 98 нафарни ташкил этяпти, — дейди сектор раҳбари А. Эшмуродов. — Уларнинг 30 нафарини доимий иш билан таъминлаш, 25 нафарига имтиёзли кредит ажратилиши кўзда тутилган. 18 нафари касб ҳунарга ўқитилади. 25 нафарига ижтимоий ёрдам кўрсатилиши белгиланган.

Истам ИБРОҲИМОВ
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер