Избосканлик фуқаро илк субсидияга эга бўлди

12:34 21 Май 2020 Жамият
1496 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан айрим шахсларга, шу жумладан, даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланиши белгиланган. Шунга асосан жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали уй-жой сотиб олиш мақсадида субсидия олиш учун аризаларни қабул қилиш ишлари бошланган. Ўтган давр мобайнида Андижон вилояти бўйича 125 нафар фуқаро субсидия олиш истагида эканлигини маълум қилган. Уларнинг мурожаатини ҳар томонлама ўрганиб чиққан махсус комиссия куни кеча илк қарорини эълон қилинди. Унга кўра Избоскан тумандаги “Марказ” маҳалласида яшовчи Асқаржон Тошматовга республикамизда биринчилардан бўлиб 200 миллион сўмдан юқори бўлмаган уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратилди.

— Бир хонадонда учта оила истиқомат қиламиз, — дейди Асқаржон Тошматов. — Шу боис уй олиш учун ўн йилдан буён ҳаракат қиламан. Афсуски, уй сотиб олишга имкон қила олмадим. Менга ажратилган субсидия туфайли энди ўз уйимга эга бўламан. Мана шундай имконият яратгани учун ҳукуматимиздан миннатдорман!

Давлат хизматлари агентлигининг Андижон вилояти бошқармаси матбуот хизматидан маълум қилишларича, бу йил субсидия ажратиш учун республикамиз бўйича давлат бюджетидан 1 триллион сўмга яқин маблағ ажратилади ва бунинг натижасида 16 мингта оила ўз тураржойига эга бўлади.

Саминжон ҲУСАНОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер